< Путиннинг Саудия Арабистонига ташрифи вақтида Россия мадҳиясининг «арабча ремикси» ижро этилди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Путиннинг Саудия Арабистонига ташрифи вақтида Россия мадҳиясининг «арабча ремикси» ижро этилди

Путиннинг Саудия Арабистонига ташрифи вақтида Россия мадҳиясининг «арабча ремикси» ижро этилди

14-15 октябрь кунлари Россия президенти Владимир Путин расмий давлат ташрифи билан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида бўлди. Эътиборлиси, бу ташрифлар давомида ҳар иккала мамлакатнинг ҳам ҳарбий оркестри Россия мадҳиясини кўнгилдагидек ижро эта олмади.

Душанба куни Россия президенти 12 йил ичида илк марта Ар-Риёдга келди. Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол-Сауд ҳузуридаги кутиб олиш маросимида араб мусиқачилари Россия мадҳиясини ижро этишда бир қатор хатоларга йўл қўйишди.
Сешанба куни шунга ўхшаш ҳолат БАА пойтахти Абу-Дабида ҳам такрорланди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, бу икки ҳолатга салбий бўёқ бериш ярамайди.
«Албатта, бу – катта симфоник оркестрнинг ижроси эмасди. Шунга қарамай, ҳар ҳолда амирликлар ва саудияликлар томони анча ҳаракат қилишди ва президентни олижаноблик билан кутиб олишди.
Воқеага бундай бўрттириб реакция билдириш ноўрин. Россия давлати раҳбарини қандай даражада кутиб олишгани, у ерда қанчалар хайрихоҳлик муҳити ҳукм сургани ва музокаралар конструктив кечганини ўзингиз кўрдингиз», – деди Песков.
Россия фахрий қоровулининг бошлиғи, майор Павел Гернецнинг сўзларига кўра, Осиёнинг айрим давлатлари ва баъзи шарқ мамлакатларида мусиқачилар Россия мадҳиясини ижро этишда қийинчиликка дуч келишади. Унинг тушунтиришича, бу – мусиқа маданиятининг турфа хиллиги билан боғлиқ.
Қўшимча қилиш жоиз, Владимир Путиннинг Ар-Риёдга ташрифи вақтида унинг кортежига 16 чавандоз ҳамроҳлик қилиб юрди. Россия етакчиси Саудия подшоҳига қушларни овлашга ўргатилган камчатка лочини, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга эса мамонт тишидан ишланган совға тақдим этди. Бунга жавобан Путинга араб орнаменти суратини туҳфа қилишди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий