< АҚШ ва Марказий Осиё савдо шартномасига Афғонистон ҳам қўшилади » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

АҚШ ва Марказий Осиё савдо шартномасига Афғонистон ҳам қўшилади

АҚШ ва Марказий Осиё савдо шартномасига Афғонистон ҳам қўшилади
21-22 октябрь кунлари Вашингтонда ўзбек-америка бизнес форуми, шу билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (ТИФА кенгаши)га аъзо давлатларнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.Архив фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
ТИФА кенгашининг бу галги мажлисида Афғонистонга кенгашнинг тўлақонли аъзоси мақоми берилиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, йиғилишда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларга масъул вазирликлари раҳбарлари қатнашади. Кун тартибига божхона, стандартлар, санитария ва фитосанитария чоралари, интеллектуал мулк ва бизнесда аёлларнинг ролини мустаҳкамлаш масалалари ҳам киритилган.
Делегатлар Марказий Осиё ва Афғонистонда электрон тижоратни ривожлантириш масалалари бўйича янги ишчи гуруҳ тузиш мавзусини ҳам кўриб чиқишади.
Маълумот учун, 2014 йили Вашингтонда АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта республикаси ўртасида келишув имзоланиб, Савдо ва инвестицияни ривожлантириш бўйича доиравий кенгаш (Framework Trade and Investment Agreement – TIFA) тузилган.
Ўзбек-америка бизнес форумида эса АҚШ Савдо вазири Уилбур Росс, Қўшма Штатлар ва Канаданинг «Fortune 500» рўйхатига кирувчи 150дан ортиқ йирик компаниялари, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари иштирок этади.
Бизнес форумда Ўзбекистон делегацияси Америка ва Канада компаниялари вакиллари билан G2B ва B2B форматларида учрашувлар ўтказади. Музокаралар натижасида Қашқадарёда махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш, текстиль маҳсулотлари экспорти, нефть-газ ишлаб чиқариш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, республиканинг электрон тўлов тизимларига «VISA» технологиясини жорий этиш, шунингдек, «Project Cure» ташкилоти томонидан гуманитар юклар – Оролбўйи минтақасидаги соғлиқни сақлаш муассасалари учун тиббий жиҳозлар етказиб бериш масалаларида келишувларга эришилиши кутиляпти.
Қолаверса, Пенсильвания штатининг Филадельфия шаҳрида ташкил қилинган, ўзбек гиламлари ва ипакдан ишланган текстиль маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи «Самарқанд гиламлари» ва «Gulnor» номли ўзбек савдо уйларининг расмий очилиш маросимини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Форум давомида учта муҳокама сессияси бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Уларда Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш, инвестицион жозибадорликни таъминлаш – бизнес ва молиявий инструментларни ривожлантириш бўйича давлат сиёсати мавзулари муҳокама этилади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий