Атамбоевнинг ўғли отаси ва оиласининг ҳибс қилинган мол-мулки рўйхатини уйдирма деб атади
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодирбек Атамбоев бош прокуратура томонидан отаси ва оиласининг ҳибс қилинган мол-мулки рўйхатини уйдирма ахборот деб атади. У бу ҳақда Facebook’даги саҳифасида ёзган.Атамбоевнинг кенжа ўғли фикрича, бош прокуратура отаси ва яқинларининг ҳибс қилинган мол-мулки масаласида “жамоатчиликни атайлаб чалғитмоқда”.
“Алмазбек Шаршеновичга ва бизга, унинг оиласи аъзоларига гўёки тегишли экани айтилаётган 120 та мулк бирлиги бўйича баёнот бермоқчиман. Оиламиз аъзоларига қўшиб ёзилаётган нарсалар аслида бизга тегишли эмас, медиаҳудудга бундай уйдирмалар ташланишини ҳокимиятнинг қора пиари деб ҳисоблаймиз”, деб айтган кичик Атамбоев. Унинг айтишича, ҳокимият вакилларининг сўзларига кўра рўйхатдаги 120 мулк бирлигидан 101 таси Атамбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли эмас.
Жумладан, “Киргизавтомаш” ОАЖ 2007 йилдан бери Атамбоевлар мулки ҳисобланмайди.
“Энг бемаъниси эса бош прокуратура завод ишчиларига 1996 йилда сотиб юборилган квартираларни ҳам бизга қўшиб ёзганидир. Мен ушбу ёлғон рўйхатдан карахт ҳолдаман”, деб ёзган Қодирбек Атамбоев.
Қодирбекнинг таъкидлашича, ҳақиқатда 2002 йилдан бери “Қирғизистон” тижорат банкида жойлашган ҳисобрақамгина мавжуд. Унинг айтишича, унда шундай ҳис пайдо бўлганки, бош прокуратура рўйхатда шунчаки Қирғизистоннинг барча банкларини санаб ўтишга ва ҳаттоки улар орасига Покистон миллий банки филиалларини ҳам қўшишга қарор қилган.
Бундан ташқари, рўйхатга суд қароригача тортиб олинган машиналар қўшилган ва уларнинг барчаси 1990-йиллар, 2000-йиллар бошида ишлаб чиқарилган.
“Масъулият билан айта оламанки, “Апрель” телеканалининг банкда ҳисобрақами ва Жалолободда мулки йўқ, каналга тегишли ҳеч қандай радио ва телемарказ йўқ”, деб қўшимча қилган Атамбоевнинг ўғли.
Унинг таъкидлашича, Атамбоевларга қирғиз телеканалларининг аксарияти кирувчи телерадиоташкилотлар уюшмаси ҳам тегишли эмас.
“Қўй-Тошдаги дала ҳовлидан ташқари, қолган мулк Алмазбек Шаршенович президент бўлишидан анча олдин сотиб олинган, рўйхатда ҳаттоки 1985 йилда бобомиз томонидан қурилган уй ҳам бор”, деб айтган Қодирбек.
Атамбоев ўғлининг айтишича, отаси Қирғизистон ривожи учун катта миқдорда ўз шахсий маблағларини сарфлаган. Унинг эслатишича, отаси 1990-йиллардан бошлаб тадбиркорлик билан шуғулланган ва ўз пулларини айнан шу соҳада ишлаб топган.
Комментарии (0)