Зеленский Путиндан Донецк халқ республикаси раҳбариятига таъсир кўрсатишни сўради
Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашганини ва мулоқот давомида Донбассда украиналик ҳарбийлар ҳалок бўлганини муҳокама қилганини маълум қилди. Бу ҳақда “112 Украина” телеканали хабар берди.“Зудликда унга телефон қилиб, бу ўққа тутиш бизни тинчликка яқинлаштирмаслигини айтдим. Мен сиздан у томонга одамларимизни ўлдиришни бас қилишлари мақсадида таъсир қилишингизни сўрайман”, деб маълум қилган Зеленский.
Тан олинмаган Донецк халқ республикаси кучлари 6 августга ўтар кечаси украиналик ҳарбийларнинг Павлопол яқинидаги позицияларига ҳужум қилишган. Оқибатда 4 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлган. Шундан кейин Зеленский Facebook’даги саҳифасида норманд формати иштирокчи давлатлари етакчиларини Донбассдаги вазият бўйича музокараларни қайта йўлга қўйишга чақирган.
Россия ва Украина президентлари илк бор июль бошида телефон орқали суҳбатлашишган. Суҳбат 20 дақиқага яқин давом этган. Зеленский матбуот хизмати суҳбатнинг асосий масаласи украиналик денгизчиларни озод этиш бўлганини маълум қилган. Шунингдек, Путин ва Зеленский мулоқот давомида Украина шарқидаги ихтилофни тартибга солиш ва икки томондан ушлаб турилган шахсларни қайтариш бўйича биргаликда ишни муҳокама қилишган.
Комментарии (0)