Ҳиндистон Жамму ва Кашмирга қўшимча 8 минг ҳарбий киритишни бошлади
Ҳиндистон ҳукумати Жамму ва Кашмир штатига қўшимча 8 минг нафар ҳарбий хизматчи киритишни бошлади. NDTV телеканалининг хабар беришича, ҳарбий-транспорт самолётлари эрталабдан ҳудуд пойтахти Сринагар шаҳридаги аэропортга аскарларни ташимоқда.Телеканалнинг билдиришича, бу ҳарбийлар Жамму ва Кашмирдаги 35 минг кишилик гуруҳни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, ANI агентлигининг хабарига кўра, Ҳиндистондаги барча ҳарбий қисмлар юқори даражадаги жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилган.
Ҳиндистон полицияси минтақадаги таъсирга эга партиялар раҳбарларини уй қамоғига ташлаган. Ҳибсга олинганлар орасида штатнинг собиқ бош вазири Маҳбуба Муфти ҳамда ҳудудий парламентдаги мухолифат раҳбари Умар Абдулла бор.
Ҳиндистон ҳукумати душанба куни конституциянинг Жамму ва Кашмирга алоҳида мақом берувчи 370-моддасини бекор қилишини эълон қилди. Ички ишлар вазири Амит Шоҳнинг маълум қилишича, Жамму ва Кашмир штат мақомини йўқотади ва иттифоқчи ҳудудга (штатга нисбатан камроқ ҳуқуқларга эга) айланади, тарихий Ладакх вилояти ундан ажралиб чиқади ва у ҳам иттифоқчи ҳудудга айлантирилади.
Конституция бўйича Жамму ва Кашмир алоҳида мухториятга эга бўлиб, марказий ҳукумат томонидан қабул қилинган барча қонунлар (мудофаа, ташқи ишлар ва айрим соҳалар бундан мустасно) маҳаллий ассамблея томонидан маъқулланиши лозим эди. Ҳиндистондаги бошқа ҳудудлар фуқаролари Кашмирдан ер сотиб олиш ҳуқуқига эга эмасди. Штат ўз байроғи ва бошқа қатор имтиёзларга эга.
Комментарии (0)