Беларусда президент сайловлари ўтказиладиган сана белгилаб олинди
Беларус президенти сайловлари 2020 йил 30 августда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Беларус марказий сайлов комиссияси раҳбари Лидия Ермошина маълум қилди. Ермошина президент кампанияси конституцияда белгиланган муддатларда ўтишини қўшимча қилган. Унинг таъкидлашича, 2020 йил ёзининг охирги якшанбасига тўғри келувчи бу сана сайловларни ўтказиш учун энг мақбул сана ҳисобланади, чунки “аксарият аҳоли рўйхатга олинган жойида бўлади”.
Июлда Беларус президенти Александр Лукашенко 2019 йилда муддатдан аввал президент сайловлари ўтказишдан воз кечган. У шу тариқа баъзиларнинг “Лукашенко 2019 йилда президент курсисини яна узоқ вақтга эгаллаш учун президент сайловларини ими-жимида ўтказиб юбориши” ҳақидаги гап-сўзларига чек қўйган.
Лукашенко Беларусга 1994 йилдан бери раҳбарлик қилади. У шу вақтдан бери 4 марта президент лавозимига қайта сайланган. 2015 йилги сайловларда унинг номзодини сайловлардаги давомат 87,2 фоизни ташкил қилгани ҳолда 83,5 сайловчи қўллаб-қувватлаган. Унинг 5-президентлик муддати 2020 йил охирида поёнига етади. Бироқ Лукашенконинг ўзи навбатдаги президент сайловларида иштирок этиши-этмаслиги ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум қилмаган.
Комментарии (0)