Францияда Саркози озод қилинди, лекин қаттиқ назорат остида қолади
Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози 20 кунлик қамоқдан сўнг эркинликка чиқди. Париж суди 10 ноябрь куни унинг ҳибсда сақланишини суд назорати билан алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб ёзади BFMTV телеканали.
Маълумотларга кўра, Саркози 21 октябр куни Парижнинг «Ла Санте» қамоқхонасига жойлаштирилган эди. Бу қарор Ливия собиқ раҳбари Муаммар Каддафий режими томонидан молиялаштирилган деган айбловлар доирасида қабул қилинган. Энди у озод қилинган бўлса-да, қатъий чекловлар билан яшашига тўғри келади — хусусан, унга ички ишлар вазири Гералд Дарманин ва бир неча сиёсий шахслар билан мулоқот қилиш тақиқланди.
Саркози журналистлар билан суҳбатда қамоқдаги кунлари ҳақида сўзлаб, «Бу жуда оғир бўлди. Ҳар куни синов бўлди», деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, панжара ортида ўтказган вақт нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам қийин бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Саркози 2007 йилги президентлик сайлови кампанияси даврида Муаммар Каддафий ҳукумати томонидан ноқонуний равишда пул олганликда айбланган. Тергов ишлари бир неча йилдан бери давом этмоқда ва бу иш Франциядаги энг катта сиёсий можаролардан бирига айланди.
Маълумотларга кўра, ушбу айбловлар Франция тарихида илк бор собиқ президентнинг қамоққа олинишига сабаб бўлди. Саркози ва унинг адвокатлари айбловларни рад этиб, унинг қонуний равишда фаолият юритганини таъкидлаб келмоқда.
Муаммар Каддафий режими томонидан берилиши тахмин қилинган маблағлар миқдори бир неча миллион еврони ташкил этиши айтилади. Тергов ҳали якунланмаган бўлиб, суд жараёни 2025 йил давомида қайта бошланиши кутилмоқда.
Француз сиёсий доираларида бу воқеа жуда катта баҳсларга сабаб бўлди. Айримлар суд қарорини адолат мезони сифатида баҳоласа, бошқалар уни сиёсий рақобатнинг навбатдаги босқичи, деб ҳисобламоқда.
Шундай қилиб, Саркози ҳозирча озодликда бўлса-да, у ҳақдаги иш Франция сиёсий саҳнасида узоқ вақт муҳокама қилинадиган мавзулардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)