< 16 кун очлик эълон қилган фаол шифохонада намойишини якунлади » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

16 кун очлик эълон қилган фаол шифохонада намойишини якунлади

16 кун очлик эълон қилган фаол шифохонада намойишини якунлади
Ҳиндистоннинг шарқий Жаркханд штатида 16 кунлик очлик намойиши ҳукумат баҳсли ишга қабул қилиш имтиҳонини бекор қилиш талабини қабул қилгач якунланди. Намойишларнинг асосий иштирокчиларидан бири Девендра Натх Махто соғлиғи ёмонлашгани сабабли Ранчи шаҳридаги шифохонада даволанган эди.
Ҳиндистоннинг шарқий Жаркханд штатида фаоллардан бири 16 кун давом этган очлик намойишини якунлади. Ҳукумат намойишчиларнинг баҳсли ишга қабул қилиш имтиҳонини бекор қилиш талабини қабул қилди.
Шу билан бирга, намойиш иштирокчилари бошқа ишга қабул қилиш имтиҳонларида ҳам қоидабузарликлар содир этилгани ҳақидаги гумонларни текшириш учун Ҳиндистоннинг бош тергов органи иш бошламагунича, кўча намойишларини тўхтатмаслигини маълум қилди.
Намойишларнинг асосий иштирокчиларидан бири Девендра Натх Махто акцияни штат вазирлари иштирокида якунлади. У соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўтган ҳафта Ранчи шаҳридаги шифохонага ётқизилган эди.
Норозиликлар 25 июль куни давлат ишига кириш имтиҳонларида қоидабузарликлар бўлгани ҳақидаги даъволар ва тизимни ислоҳ қилиш талаби билан бошланган.
Ҳиндистонда давлат ишлари барқарорлик ва ишончли даромад туфайли жуда талабгир. Ҳар йили миллионлаб инсонлар давлат лавозимлари учун имтиҳон топширади ва кўпчилик махсус тайёрлов курсларида ўқийди.
Бироқ бир қатор имтиҳонларда саволлар олдиндан тарқатилгани ва номзодлар адолатсиз усуллардан фойдалангани ҳақида даъволар билдирилган. Ишга қабул жараёни эса баъзан бир неча йилга чўзилади.
Жаркханддаги норозиликлар ўтган ойда дастлабки давлат хизмати имтиҳони натижалари эълон қилингач бошланган. Айрим номзодлар интернетда тарқалган жавоб варақалари натижалар манипуляция қилинган бўлиши мумкинлигига шубҳа уйғотганини айтган.
Бу воқеалар Деҳлидаги йирик намойишлардан кейин юз берди. У ердаги норозиликлар якунида федерал таълим вазири истеъфога чиққан ва Жаркханд ҳукуматига босим кучайган эди.
Штат ҳукумати дастлабки имтиҳонни бекор қилишга рози бўлди ва Жиноий тергов департаменти — CID текшируви бошланди. Бир неча киши, жумладан, Жаркханд Давлат хизмати комиссияси раҳбари ҳам ҳибсга олинди.
Бироқ намойишчилар JSSC-CGL имтиҳонини ҳам бекор қилиш ва мамлакат Марказий тергов бюроси — CBI томонидан текширув ўтказилишини талаб қилди.
Душанба куни кечқурун бош вазир Ҳемант Сорен ушбу имтиҳон ҳам бекор қилинишини маълум қилди.
Бош вазир CID тергови давомида «кўплаб ҳайратланарли фактлар аниқланаётгани"ни айтди, аммо қўшимча тафсилот бермади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий