< Абу Дабида 11 миллиард долларлик орол қурилмоқда » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Абу Дабида 11 миллиард долларлик орол қурилмоқда

Абу Дабида 11 миллиард долларлик орол қурилмоқда
Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти Абу Дабида инсоннинг жисмоний ва руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган улкан лойиҳа — Фаҳид ороли барпо этилмоқда. 2029 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу замонавий мажмуада 6 мингдан ортиқ хонадон қад ростлайди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қиймати 10,9 миллиард долларга баҳоланаётган лойиҳани Абу Даби ҳукуматига қарашли Aldar Development компанияси амалга оширмоқда. Компания вице-президенти Эмма МакКри Бриннинг таъкидлашича, оролдаги ҳар бир архитектура ечими ва инфратузилма элементи инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиш тамойили асосида ишлаб чиқилган.
Мутахассислар фикрича, яшил майдонлар кўп ва пиёдалар учун қулай муҳит инсон саломатлиги ҳамда руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис Фаҳид оролининг марказидан умумий узунлиги 10 километр бўлган Берм парки ўтади. Бу ерда югуриш йўлаклари, велосипед йўллари ва дам олиш масканлари ташкил этилади.
Умумий майдони 2,7 миллион квадрат метрни ташкил этувчи оролда турли тоифадаги турар жойлар — замонавий квартиралардан тортиб ўта ҳашаматли виллаларгача қурилади. Aldar компанияси маълумотларига кўра, уй-жойлар нархи 517 минг доллардан бошланиб, 2 миллион долларгача етади.
Лойиҳанинг яна бир ўзига хос жиҳати — орол ичидаги йўлларнинг 70 фоиздан ортиғи сояли қилиб қурилади. Бу эса аҳолига йилнинг иссиқ фаслларида ҳам бутун орол бўйлаб бемалол пиёда ҳаракатланиш имконини беради. Шунингдек, ҳудудда савдо дўконлари, пляж клублари, сув спорти марказлари ва дам олиш масканлари ҳам жойлаштирилади
2028 йил сентябрь ойида оролда Буюк Британиянинг машҳур King’s College School Wimbledon хусусий мактаби филиали иш бошлайди. У АҚШнинг Fitwel соғлом биноларни сертификатлаш тизими томонидан аккредитациядан ўтган дунёдаги биринчи таълим муассасаси бўлади.
Фаҳид оролининг ўзи ҳам ушбу халқаро тизим бўйича энг юқори — уч юлдузли рейтингга сазовор бўлиб, бу натижага эришган дунёдаги илк лойиҳа сифатида қайд этилди. Сертификатлаш жараёнида жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш, руҳий саломатликни қўллаб-қувватлаш ва касалликларнинг олдини олиш каби муҳим мезонлар инобатга олинган.
«Кўпчилик бинода спорт зали ёки SPA маркази бўлса, буни саломатлик учун етарли деб ҳисоблайди. Аслида эса саломатлик — инсон ҳар куни тўғри ва соғлом қарорлар қабул қилишига ёрдам берадиган муҳитни яратишдир», — деди Эмма МакКри Брин.
Аввалроқ Мисрда ҳам қиймати 27 миллиард доллар бўлган The Spine лойиҳаси ҳақида хабар берилган эди. Мазкур янги шаҳар 2 миллион квадрат метрдан ортиқ ҳудудни эгаллаб, 165 та турар жой, бизнес ва тижорат минораларини ўз ичига олиши режалаштирилган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий