< «Ҳозир уларни енголмаймиз, улар ҳам бизни енголмайди» - Украина ҳарбий разведкаси раҳбари » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

«Ҳозир уларни енголмаймиз, улар ҳам бизни енголмайди» - Украина ҳарбий разведкаси раҳбари

«Ҳозир уларни енголмаймиз, улар ҳам бизни енголмайди» - Украина ҳарбий разведкаси раҳбари
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳозирда боши берк кўчага кириб қолган, Украина ҳам, Россия ҳам сезиларли муваффақиятга эриша олмаяпти. Киев айни дамда ғарблик иттифоқчиларидан замонавий қуроллар кутмоқда. Бу ҳақда Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов BBC нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

«Вазият шунчаки боши берк кўчага кириб қолди. У умуман ривожланаётгани йўқ», дейди Буданов.


Ноябр ойида Украина қўшинлари Херсонни қайтариб олгандан сўнг, энг шиддатли жанглар Донецк области шарқидаги Бахмут шаҳри атрофига кўчди. Фронтнинг бошқа қисмларида рус қўшинлари мудофаага ўтган ва бутун 1000 километрлик фронт чизиғи бўйлаб Украина қўшинларининг қуруқликдаги операциялари ҳужумкорлиги ҳам қиш бошланиши билан секинлашди.

Будановнинг сўзларига кўра, Россия «ҳозир тўлиқ боши берк кўчага кириб қолиб», жуда катта йўқотишларга учрамоқда. Унинг фикрича, Кремль армияга чақирилувчиларнинг навбатдаги сафарбарлигини эълон қилади.

«Аммо Украина кучларида ҳам кўплаб йўналишларда олдинга силжиш учун ҳали ҳам ресурслар етишмаяпти», дея қўшимча қилади разведка раҳбари.

«Биз барча йўналишларда уларни тўлиқ мағлуб эта олмаймиз. Улар ҳам бизни мағлуб этолмайди. Биз қуролларнинг янги партиялари ва янада замонавийроқ қуроллар етказиб берилишига қаттиқ умид қиляпмиз», дейди Буданов.

Декабр ойида, Россия армиясининг бир қатор чекинишларидан сўнг, Украина расмийлари Россия армиясининг 2023 йил бошида Беларус ҳудудидан қўққисдан янги қуруқлик ҳужуми уюштириши эҳтимоли ҳақида гапира бошлади.

Украина ҳарбийлари фикрича, руслар Киевни эгаллашга иккинчи уринишни амалга ошириши мумкин. Бунинг учун ҳозирда Россияда тайёргарликдан ўтаётган ўн минглаб захирадаги аскарлар жалб қилинади.

Бироқ Будановнинг фикрига кўра эса, Россиянинг Беларусдаги ҳаракатлари, жумладан, у ерга аскарлар ва техникаларни олиб ўтиши Украина қўшинларининг бир қисмини жануб ва шарқдан шимолга кўчишга мажбур қилишдир.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий