Британиялик олимлар: омикрондан ҳимояланиш учун вакцинанинг учта дозаси талаб этилади
Олимлар фикрига кўра, вакцинанинг иккита дозаси коронавирусга қарши тўлиқ ҳимоя бермайди.
Олимлар янги мутацияни юқтириш ҳолатларини ўрганиб ва уларни коронавируснинг аввалги кенг тарқалган штамми – дельта билан таққослаб, ана шундай хулосага келишди. Буюк Британияда қўлланаётган вакциналарнинг сўнгги вариантга қарши самараси камроқ бўлиб чиқди.Бироқ вакцинанинг учинчи дозаси ёки бустерни олганлар орасида омикронни юқтириш ҳолатларини 75 фоиз киши четлаб ўтган.
Levelling Up инфратузилмавий ривожланиш дастурига раҳбарлик қилувчи Буюк Британия вазири Майкл Гоув мамлакатдаги вазият «ўта ташвишли» эканини маълум қилди. Мазкур баёнотга қадар «Кобра» ҳукумат қўмитасининг фавқулодда йиғилишига борган Гоув Буюк Британияда коронавирусга қарши мавжуд чораларни таҳдиднинг жорий даражасига пропорционал деб атади. Бироқ зарурат туғилганида ҳукумат уларни қайта кўриб чиқишга тайёр эканини таъкидлади.
«Сўзсиз, ҳаракат қилиш лозим. Янги маълумотлар келиб тушгач, улар асосида айнан қандай ҳаракат қилиш тўғрисида қарор қиламиз», деди у.
10 декабрь куни Буюк Британияда омикрон штамми 448 кишида қайд этилди. Мамлакатда ана шу вариант аниқланганидан бери жами 1265та ҳолат аниқланган. Коронавирусни юқтириш билан боғлиқ жами ҳолатлар бир кунда 58 194та ҳолатни ташкил этди. Бу эса 9 январдан бери энг юқори кўрсаткич.
10 декабрь куни ҳукумат қариялар уйида янги чекловларни жорий этди. Ҳар бир резидентни кўриш учун бир кунда келувчи ташриф буюрувчилар сони эндиликда чекланган. Шунингдек, мазкур муассасаларда тез-тез тест ўтказиб турилади.
Олимлар нималарни аниқлашди?
Коронавируснинг сўнгги омикрон вариантига қарши вакциналар у қадар самарали бўлмаслиги эҳтимоли тадқиқотчиларни янги мутация Африка жанубида аниқланганидан бери хавотирга солиб келаётганди.

Янги тадқиқот давомида олимлар омикронни юқтирган 581 бемор ва дельта юқтирган бир неча минг киши маълумотларини таҳлил қилишди. Уларнинг мақсади вакциналар янги вариантга қарши қанчалик самарали эканини ҳисоблаб чиқишдан иборат эди.
Буюк британиялик олимларнинг таҳлили маълумотларнинг чекланган тўпламига асосланган. Бироқ у AstraZeneca вакцинаси самараси жорий вариантга нисбатан жуда аҳамиятли даражада, Pfizer препаратининг икки дозаси самараси эса етарли даражада камайишини кўрсатмоқда.
Мана шу вакциналардан бирининг бустер ёки учинчи дозаси коронавирус юқтирилганида белгилар пайдо бўлишидан 75 фоизлик ҳимоя беради. Бироқ у ҳам аввалги вариантларга қарши курашдаги каби самарали эмас.
Олимларда Moderna ва Janssen компаниялари ишлаб чиқарган вакциналарга нисбатан хулосалар етарли эмас. Бироқ улар ҳам ўзини худди шундай намоён этиши эҳтимоли мавжуд.
Буюк Британия жамоат соғлиғини сақлаш хизмати вакциналар ҳар қандай ҳолатда ҳам коронавируснинг касалхонага ётишни талаб этувчи ҳолатларидан ҳимоялашини айтмоқда.
Буюк Британияда бугунги кунда қарийб 22 млн киши бустер вакцинасини олган (жами аҳолиси қарийб 67 млн). Бироқ ҳамма уч марта қайта эмланса ҳам, вакцина самараси пастроқ бўлгани учун миллионлаб инглизлар хавф остида қолади.
Кунига 100 минг ҳолат?
Аҳоли орасида касаллик юқтириш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар олимларнинг янги вариантда антитаналарнинг вирусни нейтраллаш қобилияти 40 марта камайиши борасидаги тахминини тасдиқлайди.
Оптимистик назарияга кўра, эмланиш ҳар қандай ҳолатда ҳам одамларнинг катта қисми учун касалхонага ётишнинг олдини олишда ёрдам беради. Омикронда касаллик қай даражада оғир кечиши борасидаги маълумотлар келаси ҳафтада чиқиши керак.
Бироқ касаллик нисбатан енгил кечганида ҳам омикрон штамми билан касалланиш тўлқини саломатлиги кучсиз кўплаб беморларнинг бир вақтнинг ўзида касалхонага тушиши хавфини юзага келтиради.
Омикрон тарқалишининг юқори суръатлари унга қарши вакциналар у қадар самарали эмаслиги борасида тахминлар учун асос бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, янги вариантни юқтириш ҳолатлари ҳар икки-уч кунда икки марта кўпаймоқда.
Буюк Британия жамоат саломатлиги агентлиги маълумотларига кўра, декабрь ойи ўрталарига бориб, омикрон вируснинг доминант вариантига айланиши мумкин. Ўсиш жорий суръатларда давом этса, ой охирига бориб, кунига 100 минг янги ҳолат кўрсаткичига етади.
«Ушбу дастлабки ҳисоб-китобларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш зарур. Бироқ улар иккинчи дозадан кейин бир неча ой ўтгач, дельтага қараганда омикронни юқтириш хавфи кўпроқ эканидан далолат беради», дейди иммунизация агентлиги департамент бошлиғи Мэри Рамзи.
«Биз вакциналар касаллик оғир кечишига қарши жуда самарали бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун агар сиз дастлабки икки дозани олмаган бўлсангиз, имкони борича тезроқ вакцина олиш учун ёзилинг», дея қўшимча қилди у.
Шотландия биринчи вазири Никола Стержен яқинда коронавируснинг янги ҳолатлари «цунамиси» муносабати билан ўз хавотирини билдирди. Шотландия расмийлари вирусга қарши янги чекловларни жорий этмоқда ва одамларни Рождествода катта гуруҳ бўлиб тўпланмасликка чақирмоқда.
Комментарии (0)