Исроил ва БАА ўзаро ҳамкорлик доирасида Ойга зонд юборади
Исроил ва БАА 27 октябрда фазони ўрганишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзолаши кутилмоқда. Ушбу келишув доирасида бир нечта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Томонлар, биринчи навбатда, “Берешит-2” лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилмоқчи. Унинг амалга оширилиши 2024 йилга белгиланган. Миссия нархи 100 млн долларни ташкил қилиб, у Ой орбитасига зонд юборишни ўз ичига олади.Ушбу лойиҳа Исроилнинг 2019 йилда амалга оширилган ва муваффақиятсизлик билан якунланган “Берешит” лойиҳасининг давоми ҳисобланади. Ўшанда Исроилнинг Ойга юборган қурилмаси Ернинг табиий йўлдоши сиртига урилиб, парчаланиб кетган.
Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида БАА 2017 йилда орбитага учирилган Venus зонди юборган маълумотларни таҳлил қилишда ёрдам беради. Франция ва Исроил ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қурилма глобал исиш ҳамда бошқа муҳим экологик ҳодисалар – сув захиралари ва қишлоқ хўжалигидан фойдаланиш, чўллашиш кабиларни ўрганишга мўлжалланган.
Шунингдек, икки давлат талабалари Loner-Sat деб номланувчи сунъий йўлдошни ишлаб чиқиб, уни орбитага юборишни режалаштиришмоқда. Ушбу лойиҳа янги ой пайдо бўлиши аниқ вақтини аниқлашда ёрдам беради.
Комментарии (0)