< Африкадаги “Идай” циклони қурбонлари сони мингдан ошиши мумкинлиги маълум қилинди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Африкадаги “Идай” циклони қурбонлари сони мингдан ошиши мумкинлиги маълум қилинди

Африкадаги “Идай” циклони қурбонлари сони мингдан ошиши мумкинлиги маълум қилинди
Африканинг икки марта “Идай” циклони зарбасини бошдан ўтказган жануби-шарқида ҳалокатли тошқинлар давом этмоқда. Табиий офатдан жабрланганлар сони 2 млн кишидан ошиши мумкин. Минглаб уйлар вайрон, ҳосил нобуд бўлган. Мозамбикда 84 киши, Зимбабведа 98 киши ва Малавида 56 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган.
Энг оғир вазият Мозамбикда кузатилмоқда. Мамлакат президенти Филипе Ньюсининг таъкидлашича, ҳозирда 84 киши ҳалок бўлгани маълум, бироқ қурбонлар сони мингдан ошиши мумкин: 1,1 млнлик аҳолига эга ҳудудларда сув оқимлари бутун бошли аҳоли пунктларини ювиб кетган. 
Одамлар уйлар томида ва дарахтларда жон сақлашмоқда. Айни вақтда 100 мингга яқин одамнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. 
Мозамбикнинг аҳолиси сони бўйича иккинчи рақамли шаҳри – Бейрада довул ва тошқинлар катта талофат етказган, шаҳар ҳудудининг 90 фоизига зарар етган. 
Зимбабведа кучли ёмғирлар ҳалокатли тошқинлар, сел оқишлар ва кўчкиларга олиб келган. 98 киши ҳалок бўлган, 217 киши бедарак йўқолган, 102 киши жароҳат олган.
Малавида 923 минг киши жабрланган. 577 киши жароҳат олган, 3 киши бедарак йўқолган.
Қизил хоч ва Қизил яримой жамияти вакили Мэтью Кокрейннинг журналистларга маълум қилишича, табиий офат 2,6 млндан кўпроқ одамга таъсир кўрсатган ва Жанубий яримшардаги энг йирик фалокатга айланиши мумкин.
“Дунё фалокат қанчалик даҳшатли эканини ҳали англамади. Унинг бутун даҳшати яқин кунларда намоён бўлади”, деб айтган Кокрейн.

Комментарии (0)

Оставить комментарий