< Учувчилар Boeing 737 Max’ни бошқаришни iPad’да ўрганишган – ОАВ » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Учувчилар Boeing 737 Max’ни бошқаришни iPad’да ўрганишган – ОАВ

Учувчилар Boeing 737 Max’ни бошқаришни iPad’да ўрганишган – ОАВ
Boeing 737 Max’ни бошқарувчи кўплаб учувчилар янги самолётнинг ўзига хос жиҳатларидан тегишли равишда хабардор қилинмаганлар ва уни бошқаришни iPad планшетида ўрганишган. Бу ҳақда New York Times нашри хабар берди
Нашрнинг таъкидлашича, одатда учувчилар парвозни имитация қилувчи ва янги функцияларга ўргатувчи қимматбаҳо симуляторларда соатлаб машқ қиладилар. ОАВ маълумотларига кўра, Southwest Airlines ва American Airlines авиакомпаниялари учувчилари касаба уюшмалари Boeing’дан Max учун симулятор ишлаб чиқишни бир неча бор талаб қилган, бироқ компания ва АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси учувчиларга қўшимча тайёргарлик керакмаслиги, уларни юз бериши мумкин бўлган муаммолардан ва янги дастурий таъминот қандай ишлашидан хабардор қилиш кифоя қилади деган қарорга келган. 
“Улар самолётни қуриб туриб, уни лойиҳалашда давом этишган. Симуляторни яратиш учун маълумотлар лайнер парвозга тайёр бўлгандагина пайдо бўлган”, деб маълум қилди Southwest Airlines компанияси учувчилари уюшмаси раиси Грег Боуэн.
Бундан ташқари, Boeing 737 Max’ни синовдан ўтказган учувчилар гуруҳи Max’нинг аввалги 737 моделидан фарқлари, жумладан дисплей ва двигателлардаги фарқлар ҳақида 13 саҳифалик йўриқнома ишлаб чиқишган. Бироқ ўқув материалларида муайян шароитларда самолётнинг тумшуғини автоматик тарзда пастга итарувчи янги MCAS дастури эсга олинмаган.
Boeing вакиллари тизимни бир неча ҳафта ичида учувчилар учун қўшимча тайёргарлик ўтказишсиз тўғрилашга ваъда беришган. Индонезиянинг Lion Air авиакомпанияси самолёти ҳалокатга учрагандан кейингина MCAS датчикларнинг хато кўрсатмаларига асосланиб сабабсиз ишга тушиб кетиши аниқланган.
10 март куни Ethiopian Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 737 Max 8 ҳалокатга учради. Самолёт бортидаги барча 157 киши ҳалок бўлган. Маълум қилинишича, фожиа олдидан учувчилар “самолётни бошқаришда” муаммолар бўлаётганидан шикоят қилишган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий