Россия Африкада ҳарбий база очади
Россия президенти Владимир Путин ҳукуматнинг Суданда ҳарбий-денгиз флоти объектини очиш таклифига рози бўлди ва Россия мудофаа вазирлигига Судан ҳукумати билан бу ҳақидаги келишувни имзолаш вазифасини топширди.
Суданда моддий-техника таъминоти пунктини очиш таклифини Россия ҳукумати билдирган. Аввалроқ Россия бош вазири Михаил Мишустин Суданда ҳарбий база ташкил этилишини кўзда тутувчи келишув лойиҳасини маъқуллаганди.Ҳужжатга кўра, объектда кўпи билан 300 нафар россиялик ҳарбий ва 4та ҳарбий кема жойлаштирилади. Шу билан бирга, томонлар розилиги билан ҳарбийлар сони оширилиши мумкин.
Африканинг ҳудуд бўйича энг йирик давлати ҳисобланган Судан база қурилишига розилик берган. Бу ерда кемалар таъмирланиши ва захиралар билан тўлдирилиши мумкин.
Келишув 25 йилга тузилган ва чекланмаган марта 10 йиллик даврларга узайтирилиши мумкин.
Келишувда таъкидланишича, Россия учун совуқ уруш вақтидан бери Африкада биринчи ҳарбий база очилиши “минтақада тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган, мудофаа мақсадларига эга ва бошқа давлатларга қарши қаратилмаган”.
Судан бунинг эвазига Россия қуроли ва ҳарбий техникасини бепул олиши мумкин.
2018 йил декабрда Россия хорижда 6та ҳарбий базага эгалиги, улардан 5таси яқин хорижий давлатларда ва биттаси Сурияда жойлашгани маълум қилинган. Маълумотларга кўра, Суриядаги Ҳмаймим авиабазасида Россия қуролли кучларининг 555-авиагуруҳи, Абхазияда 7-ҳарбий базаси, Жанубий Осетияда 4-ҳарбий базаси, Арманистонда 102-ҳарбий базаси, Тожикистонда 201-ҳарбий базаси ва Қирғизистонда 999-авиабазаси жойлашган.
Комментарии (0)