Ким Чен Ин генералиссимус унвонини олади - ОАВ
Шимолий Корея раҳбари, маршал Ким Чен Ин эндиликда генералиссимус унвонини олиши мумкин. Мамлакат раҳбарига янги фахрий унвон, унинг синглисига янада кўпроқ ваколатлар топширилиши кутилмоқда.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, Ким Чен Инга энг олий ҳарбий унвонни Корея Меҳнат партиясининг 2021 йил январида ўтадиган қурултойида топширишмоқчи. Asahi япон нашрининг хабар беришича, Жанубий Корея разведкаси раҳбарияти ёпиқ йиғилишда миллий парламент депутатларини бундан хабардор қилган.Айни вақтда Шимолий Корея раҳбари маршал унвонига эга.
Ўз вақтида Ким Чен Иннинг бобоси, Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сенда ва отаси Ким Чен Ирда генералиссимус унвони бўлган.
Жанубий Кореяда 3 ноябрда ўтган ёпиқ йиғилишда разведка Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжоннинг таъсири ўсаётганини маълум қилган. Махсус хизмат маълумотларига кўра, Ким Ё Чжон Корея Меҳнат партиясининг 75 йиллиги муносабати билан 10 октябрда ўтказилган барча тадбирларга бошчилик қилган.
Январда ўтадиган қурултойда эса Ким Чен Иннинг синглиси ваколатлари янада кенгайтирилиши мумкин.
Комментарии (0)