Трамп Блумбергни жиноят содир этганликда айблади
Майкл Блумберг "Флоридада ҳуқуқларни тиклаш коалицияси" ташкилоти билан биргаликда 32 минг нафар собиқ маҳбусга қарзларини тўлашда ёрдам берган.
Миллиардер Майкл Блумберг Флоридада 32 мингга яқин собиқ маҳбуснинг қарзларини тўлаб қонунни бузди, деди АҚШ президенти Дональд Трамп."Унинг бу иши мутлақо ноқонуний. Бу жиноят деб ўйлайман. У одамларга пул беряпти – у одамлар овоз бериши учун пул тўлаяпти. У: мана пул, энди фақат демократлар учун овоз беринглар деяпти, шундайми? " – деди у Fox News телеканалида қилган чиқишида.
Блумберг "Флоридада ҳуқуқларни тиклаш коалицияси" ташкилоти билан биргаликда 32 минг нафар собиқ маҳбусга қарзларини тўлашда ёрдам берди. Гап жарималари миқдори 1,5 минг доллардан кам бўлган афроамерикаликлар ёки лотинамерикаликлар тўғрисида бормоқда. Штат қонунига кўра, собиқ маҳбуслар овоз бериш ҳуқуқини олиш учун барча қарзларини сўндириши керак.
Флорида сайловчилар исталган номзодга ён босиши мумкин бўлган тебранувчи штатлар деб аталадиган саккиз штатдан бири ҳисобланади.
АҚШда президент сайлови 3 ноябрда бўлиб ўтади. Дональд Трамп демократлар номзоди Жо Байден билан президентликка сайланиш учун кураш олиб боради.
Комментарии (0)