< Жаҳон савдосини санкциялардан тозалаш ва БМТ учун вакцина. Путин Бош Ассамблеяда чиқиш қилди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Жаҳон савдосини санкциялардан тозалаш ва БМТ учун вакцина. Путин Бош Ассамблеяда чиқиш қилди

Жаҳон савдосини санкциялардан тозалаш ва БМТ учун вакцина. Путин Бош Ассамблеяда чиқиш қилди

22 сентябрь куни РФ президенти Владимир Путин БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида чиқиш қилди. Коронавирус пандемияси туфайли илк марта Россия президентининг аввалдан ёзиб олинган нутқи экрандан намойиш этилди. Путин БМТ Бош Ассамблеясида бешинчи марта чиқиш қилди, бу СССР ва РФ тарихида рекорд кўрсаткич ҳисобланади. TJ Путиннинг чиқишидаги асосий қисмларни келтирган.

Владимир Путин видеомурожаатида коронавирус пандемияси, жаҳон савдосидаги санкцияларни бекор қилиш муҳимлиги, космосга қурол жойлаштиришни тақиқлаш зарурати ва БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларида вето ҳуқуқи сақлаб қолиниши кераклиги ҳақида гапирган.
БМТ барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши керак
Путин БМТ ўзининг асосий миссияси — тинчликни ҳимоя қилиш ва ҳудудий инқирозларни ҳал қилишда ёрдам беришни муносиб уддалаётганини қайд этиб ўтган. У ташкилот «қотиб қолмаслиги» кераклиги, реалликка мослашиши кераклигини таъкидлаб ўтган. Путин БМТ Хавфсизлик кенгаши барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши кераклиги, лекин хавфсизлик кенгашидаги беш давлатнинг вето ҳуқуқи сақлаб қолиниши лозим деб ҳисоблаши ҳақида гапирган.
«Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан бешта ядровий давлатнинг бу ҳуқуқи бугунги кунда ҳам ҳақиқий ҳарбий-сиёсий мувозанатни ифодалайди. Асосийси, бу бир томонлама ҳаракатларга йўл қўймайдиган зарур воситадир», деган у.
Пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш учун ностандарт қарорлар талаб этилади
Путин ҳозирча Covid-19 пандемияси туфайли рўй берган «зарба кўлами»ни аниқ ҳисоблашнинг имкони йўқ деб ҳисоблайди. Унинг баҳолашига кўра, глобал иқтисодиёт тикланиши учун кўп вақт талаб этилади — бунинг учун ноодатий воситалардан фойдаланиш керак. Путин Россиянинг озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш учун «яшил йўлаклар» ташкил этиш бўйича таклифини эслатиб ўтди.
«Ҳа, умуман олганда жаҳон савдосини тўсиқлар, тақиқлар, чекловлар, ноқонуний санкциялардан тозалаш ишсизлик қисқариши ва глобал ўсиш тикланиши учун яхши ёрдам бериши мумкин», деган у.
Рақамли технологиялар экстремистлар ва радикаллар қўлига тушиши мумкин
Путин киберхавфсизлик соҳасидаги муаммолар тўғрисида огоҳлантирди. У рақамли технологиялар ҳам оддий қуроллар каби радикаллар ва экстремистлар қўлига тушиши мумкинлигига эътибор қаратди. Путин инсоният фаравонлиги учун янги технологиялардан фойдаланишни ўрганиш лозимлигини қайд этган.
«Аммо, бошқа ҳар қандай инновациялар сингари, рақамли технологиялар ҳам назоратсиз равишда тарқалади ва оддий қурол каби нафақат минтақавий низолар ҳудудидаги, балки тинч давлатлардаги радикаллар ёки экстремистларнинг қўлига тушиб қолиб, бу катта хавф туғдириши мумкин», деган у.
Россия вакцинаси умидли чиққан. У БМТ ходимларига тарқатилиши мумкин
Путин ўз чиқиши давомида Россия коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқилишидан манфаатдор давлатлар ва кооперациялар иштирокида юқори даражадаги онлайн-конференция ташкиллаштиришни таклиф қилиши ҳақида гапирган. У россиялик олимларнинг Sputnik V вакцинаси умидли эканини айтиб, Россия БМТ ходимларини эмлаш учун бу вакцина тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.
«Ўз тажрибамиз билан бўлишига ва барча давлатлар ҳамда халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу ҳамкорлик хавфсиз ва самарали деб баҳоланаётган Россия вакцинасини етказиб беришни ҳам назарда тутади. Коронавирус Бирлашган миллатлар ташкилотининг штаб-квартираси ва минтақавий тузилмалари ходимларини ҳам четлаб ўтмади. Россия ташкилот ходимларига барча зарур ёрдамларни кўрсатишга тайёр. Хусусан, ўз вакцинамизни ташкилот бош офиси ва бўлинмалар ходимларини эмлаш учун текинга етказиб беришни таклиф этамиз. БМТдаги ҳамкасбларимиздан бундай мурожаатлар келиши бошлаган ва биз бу мурожаатларни эътиборсиз қолдирмаймиз», деган у.
Путин космосга қурол жойлаштиришни тақиқлаш бўйича келишув тузишни таклиф этди
Путин Россия барча космий державаларга космосни ҳарбийлаштиришни тақиқлаш бўйича мажбурият юклайдиган битим тузилиши тарафдори экани ҳақида гапирди.
«Бундан ташқари, давлатлар янги ракета тизимларини жойлаштиришдан тийилишига умид қиламиз. Қўшимча қилиб ўтаман, ўтган йилдан буён Россия Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларида ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни жойлаштиришга мораторий эълон қилган», деган Путин.
Путин 2020 йилда дунё икки «тарихий юбилей»ни –  Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги ва Бирлашган миллатлар ташкилоти тузилганининг 75 йиллигини нишонлаганини эслатиб ўтган. Россия президенти БМТ низоми «урушдан кейинги дунё тартиби» манбайи бўлиб қолаётганини таъкидлаган. Путин БМТ низоми халқларга ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини беришини таъкидлаб ўтган.
Путин «сайёранинг барча халқларига тинчлик ва фаровонлик» тилаган ҳолда ўз чиқишини якунлаган.
Путин сўнгги марта БМТ Бош Ассамблеясида 2015 йилда чиқиш қилганди.

Ўшанда Россия президенти Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги қатор давлатларнинг ички ишларига ташқи аралашувларни қоралаганди. «Мен бу вазиятни юзага келтирганлардан сўрамоқчиман: ҳеч бўлмаганда энди нима қилиб қўйганингизни тушуняпсизми?», — дея Путиндан иқтибос келтирганди ўшанда кўплаб нашрлар. Россия президенти ИШИДга қарши халқаро коалиция тузиш ташаббусини ҳам билдирганди.
Трамп нималар деди?
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам бошқа кўплаб сиёсатчилар қатори нутқини коронавирус пандемиясидан бошлади.

«Иккинчи жаҳон уруши тугаб, БМТ ташкил топганидан 75 йил ўтиб биз яна глобал курашга киришдик, бу сафар кўринмас душманга - хитой вирусига қарши», деган у.
Трамп Америка Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир зарбани қабул қилиб олган бўлсада, ҳозирга келиб вазиятни назоратга олганини қайд этган. Апрелдан буён мамлакатда ўлим даражаси 85 фоизга пасайгани, яқин кунларда АҚШда коронавирусга қарши вакцина тарқатилиши айтиб ўтилган. «Биз вакцина тарқатамиз, вирус устидан ғалаба қозонамиз ва ёрқин келажакни кўрамиз», деган АҚШ президенти.
Трамп яна бир марта АҚШ ва БМТ Хитойни коронавирус пандемияси тарқалишида асосий айбдор сифатида жазолаши кераклигини айтиб ўтган. У расмий Пекинни вирус тарқалишининг эрта босқичларида Хитойдан амалга оширилувчи халқаро авиарейсларни тақиқламаганликда ва шу тариқа вирусни бутун дунёга тарқатишда айблаган. Бундан ташқари, АҚШ президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ҳам танқид қилган.
«Бу ўлатни бутун дунёга чиқарган давлат – Хитойни жавобгарликка тортишимиз керак! Хитой ҳукумати ва Хитой бўйсинувида бўлган ЖССТ вируснинг одамдан одамга юқишининг исботлари йўқлиги ҳақида ёлғон гапирган. Хитой вирус тарқалишининг илк кунларида ички рейсларни тақиқлаб, шу билан бирга самолётларга Хитойни тарк этишга ва бутун дунёни зарарлашга ижозат берган. БМТ Хитойни ушбу хатти-ҳаракатлари туфайли жавобгарликка тортиши лозим», деган Трамп.
Ўзининг 7 дақиқа давом этган чиқишининг якуний қисмида АҚШ президенти ўз муваффақиятларини санашга ўтиб кетган, Қўшма Штатлар раҳбарлигидаги уч йил давомида «дунёдаги энг яхши иқтисодиёт ва энг яхши армия қургани»ни қайд этган.
Трамп халқаро майдондаги асосий хизматлари сифатида одам савдосини тўхтатиш учун Марказий Америка давлатлари билан муносабатлар яхшилангани, ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлдирилгани, Сербиянинг Косово билан яраштирилиши ва Афғонистондан америкалик ҳарбийларнинг олиб чиқилишини эътироф этиб ўтган.
Ўз навбатида ХХР раиси Си Цзиньпин барча мамлакатларни пандемияга қарши биргаликда курашишга ва умумий хавф қаршисида барча тушунмовчиликларни бир четга суриб туришга чақирди. «Бу жараённи сиёсийлаштиришга бўлган ҳар қандай уринишлар рад этилиши керак», деган у.
Хитой етакчиси бугунги кунда дунё глобал қишлоқ бўлиб, унинг барча аҳолиси ўзаро чамбарчас боғлиқ экани, шу туфайли Covid-19 ва бошқа муаммоларга қарши курашишда «умумий манфаат мафкуравий фарқлардан устун туриши» лозимлигини қайд этган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий