ЕИ Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар киритиш борасида якуний қарорга кела олмади
ЕИ кенгаши йиғилиши қатнашчилари Туркияга нисбатан жазо чоралари киритишни талаб қилган Кипр туфайли келишувга эриша олишмаган.
Европа Иттифоқи Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар киритиш борасида яна бир бор якуний қарорга кела олмади. Бу ҳақда Евроиттифоқ тузилмасидаги манбасига таяниб DW хабар бермоқда.Манбанинг сўзларига кўра, ЕИ кенгаши йиғилишида жарима чоралари тасдиқланмаган. Унинг таъкидлашича, ЕИга аъзо барча давлатлар вазирлари Минскка қарши санкциялар киритиш зарурлигини қайд этишган. Аммо йиғилиш қатнашчилари шу билан бир вақтда Туркияга нисбатан жазо чоралари киритишни талаб қилган Кипр туфайли келишувга эриша олишмаган.
ЕИ кенгаши йиғилишидан аввал ташқи ишлар вазирлари Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашишган.
ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг билдиришича, у ЕИ вакилларига Беларусдаги вазият бўйича ахборот берган. Боррель ЕИ Лукашенкони Беларуснинг сайланган президенти сифатида тан олмаслигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мас Александр Лукашенкони қора рўйхатга киритишга чақирди ва "мамлакатдаги вазият яхшиланмагани, Лукашенконинг тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлигини мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини" айтди.
Комментарии (0)