Европа Иттифоқи Беларусдаги сайловларни адолатсиз ва эркин эмас деб эълон қилди
Беларусдаги президентлик сайловлари эркин ва адолатли бўлмади, дейилади Европа Иттифоқи (ЕИ) дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель баёнотида.Сиёсатчи ЕИ номидан сўзлар экан, «Сайловлар эркин ва адолатли бўлмади», деди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Twitter» саҳифасида Боррелнинг баёнотини қўллаб-қувватлади ва сайловга худди шу мазмунда баҳо берди.
«Давлат зўравонлигига, эркинлик ва ҳуқуқларнинг куч билан бостирилишига йўл қўйиб бўлмайди. ЕИ Беларусь билан муносабатларни таҳлил қилади ва айбдорларга қарши чора кўради», - деб ёзди у.
Беларусда 9 августда ўтказилган президент сайлови натижаларидан норози бўлган одамлар ва кучишлатар идоралар ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар 2 кундан бери давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская эса 10 фоиздан ортиқ овоз тўплаган.
Тўқнашувлар пайтида махсус техника, сувпуркагичлар, нуршовқинли гранаталар, резина ўқлар қўлланмоқда, милиция ва ҳарбийлар намойишчиларни тарқатишда иштирок этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, кеча тунда 39 нафар ҳарбий ва 50 нафарга яқин аҳоли жароҳатланган. Ўлганлар ҳақида норасмий маълумотлар ҳам бор.
Комментарии (0)