Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари: «Бизнинг қуёш барча вирусларни йўқ қилиши мумкин»
Вирус тарқалишининг олдини олиш учун мамлакат Стратегик тадқиқотлар маркази ҳукуматга шаҳарда йўналишли таксиларни қисқартиришни таклиф қилди.
Фото: Asia-PlusТожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази директори Хуршид Зиёнинг фикрича, мамлакатда коронавирус янги штаммининг пандемияси «бошқа мамлакатларда бўлгани каби фожиали юз бермади». У бу ҳақда 24 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Стратегик тадқиқотлар маркази пандемиянинг мамлакат турли соҳаларига таъсири бўйича бир қатор тадқиқотларни ўтказди ҳамда ҳукуматга ўз таклифларини киритди.
Зиёнинг сўзларига кўра, Тожикистонда коронавирус «мамлакат ҳукумати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли, шунингдек, аҳоли хавфни тушуниб, эҳтиёт чоралари кўришни бошлаганлиги сабабли фожиали кўринишга эга бўлмади».
«Учинчи сабаб - бизнинг табиатимиз, қуёшимизнинг ультрабинафша нурлари барча турдаги вирусларни йўқ қилиши мумкин. Агар гап қуёшда бўлса, нима учун Саудия Арабистонида вирус йўқ қилинмади, деб сўрашмоқда. Мен у ерда уч йил давомида таржимон бўлиб ишладим ва шуни айтишим мумкинки, уларнинг осмони доимо чанг ичида, бу ультрабинафша нурларининг тарқалишига халақит беради. Коронавирусни иссиқлик эмас, балки ультрабинафша нурлари йўқ қилади», - деди Зиё.
Зиёнинг сўзларига кўра, Стратегик тадқиқотлар марказининг коронавирус тарқалиши олдини олиш бўйича таклифларидан бири шаҳарда йўналишли таксиларни камайтириш ва автобуслар сонини кўпайтириш билан боғлиқ. Унинг фикрига кўра, автобуслар ижтимоий масофани сақлашга кўпроқ ёрдам беради.
Зиё тадқиқот тафсилотларини ошкор қилмади ҳамда марказ тадқиқот ҳақида фақат расмий тақдимотдан сўнг маълумот бериш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.
Ҳозирги вақтда қуёш ультрабинафша нурлари ва COVID – 19 ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган тан олинган тадқиқотлар мавжуд эмас.
Комментарии (0)