< Украинада йўловчи автобуси гаровга олинди. Асосий маълумотлар » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Украинада йўловчи автобуси гаровга олинди. Асосий маълумотлар

Украинада йўловчи автобуси гаровга олинди. Асосий маълумотлар

Украинанинг Луцк шаҳрида гаровга олинган автобус йўловчилари озод этилди. Йўловчиларни гаровга олган шахс қўлга олинди, Украина хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, гаровдагиларнинг ҳеч бирига шикаст етмаган.

Фото: Reuters
Гаровдагилар озод этилгани ҳақида Ички ишлар вазири Арсен Аваков твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилди. Махсус амалиётдан кейинги матбуот анжуманида у жиноятчи музокаралардан кейин автобусдан чиққани ҳақида маълум қилган.
Эркак «БТР» танки ёрдамида амалга оширилган штурмда қўлга олинган. Гаровга олинганлар автобусни тарк этишга улгурган.
Украина хавфсизлик хизмати ҳам йўловчиларни гаровга олган шахс ўзи таслим бўлганини тасдиқлаган.
Брифингда Арсен Аваков жиноятчининг шериклари ҳам бўлгани, улардан бири Харьковда қўлга олинганини маълум қилган. Қўлга олиш чоғида бу шахснинг ёнидан ўқотар қурол ва портлаовчи моддалар мусодара қилинган.
«Нима ҳам дердик, бу узоқ йил қамоқда ўтирган криминал олам вакили. Уларнинг ўзича даъволари бор, ҳар хил гапларни гапиришади. Бошқа вазиятда махсус кучлар ёмонроқ ҳолатга тайёр бўлган ҳолда ишлаган бўларди, шукрки ҳаммаси яхши бўлди. Уни узоқ йиллик қамоқ жазо кутмоқда», деган вазир.
Воқеа қандай содир бўлди?
Сешанба тонгида қуролланган шахс Украина ғарбидаги Луцк шаҳрида Берестечко — Красиловка йўналишида ҳаракатланган автобусни қўлга олди. У ёнида портловчи моддалар ва қурол борлигини айтиб, олдига журналистлар келишини талаб қилди. Автобусда 13 киши бўлган.
Бу Украинанинг янги тарихида илк марта ёлғиз жиноятчи тинч аҳоли вакилларини оммавий гаровга олиши ҳодисасидир. Қолаверса, бу воқеа нисбатан тинч бўлган ғарбий ҳудудда - Украина армияси Россия томонидан қўлланиши айтиладиган айирмачилар билан уруш олиб бораётган шарқий фронтдан 1000 км узоқда содир бўлмоқда.

Одамларни гаровга олган шахс муқаддам икки бор судлангани маълум. Полицияга ўзини Максим Плохой деб таништирган. Кейинроқ Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко автобусни қўлга олган шахс Максим Кривош эканини маълум қилди.
Полиция маълумотига кўра, бу шахс бирор аниқ талаб қўймаган. У ижтимоий тармоқларда ўзини анархиячи ва тизимга қарши курашувчи сифатида таништирган.
Ҳукумат кучлари Театр майдонини ўраб олган ва шаҳар марказида транспорт ҳаракатини тўхтатган / КОНКУРЕНТ.UA
Полициячилар Луцкдаги Театр майдонини ўраб олишган, автобус айнан шу ҳудудда гаровга олинган. Улар жиноятчи билан телефон орқали алоқа ўрнатишган.
Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) Луцк шаҳри аҳолисига уйдан чиқмасликни тавсия қилган. Атрофдаги уйлар аҳолиси эвакуация қилинган. Ҳудудда вақти вақти билан ўқ овозлари эшитилган..
«Автобусдан бир неча ўқ товуши эшитилди, икки ойна синган. Жабрланувчилар ҳақида маълумот келиб тушмаган», дейилади Украина ИИВ хабарида.
Полиция маълумотига кўра, жиноятчи автобусга мина қўйилганини айтган. Бундан ташқари, у яна бир портловчи қурилмани шаҳарнинг бошқа нуқтасига жойлаштиргани ҳақида гапирган.
У автобусдан чекасини очмасдан граната улоқтирган. Полициячилар гранатани зарарсизлантирган. «Граната портламади, чунки чекаси суғурилмаганди. Биз ўйлаяпмизки, у бу орқали ўзида жанговар қуроллар борлиги ва хавфли эканини кўрсатмоқчи бўлди», деган Герашченко. Кўп ўтмай Кривош автобусдан қандайдир портловчи буюм улоқтирган, катта эҳтимол билан у бу орқали автобус атрофида учиб юрган полиция квадрокоптерини уриб туширмоқчи бўлган.

Ички ишлар вазирлиги ва Украина хавфсизлик хизмати раҳбарияти вазият яқин вақтлар ичида ҳал қилинишига умид билдиришган. «Музокаралар олиб борилмоқда, бир-биримизни тушуняпмиз...  барчаси яхши кетмоқда», деган Украина хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Руслан Баранецкий.
Музокараларга Кривошнинг рафиқаси ва таниши ҳам жалб этилган. «Унинг рафиқасини топдик ва у билан боғландик, унинг яхши таниши билан ҳам. Улар уни қуролни топшириб таслим бўлишга чақиришмоқда, аммо у ҳозирча бунга кўнгани йўқ», деган Герашченко.
Волинск области полицияси матбуот котиби Ольга Бузулукнинг сўзларига кўра, жиноятчи украиналик журналистлар ёки давлат раҳбарияти вакилларидан бири билан гаплаштиришни талаб қилмоқда.
«Конкурент» агентлиги хабарига кўра, у бугун тонгда твиттердаги саҳифаси орқали барчани «Тизимга қарши кун» билан табриклаган ва «Давлат биринчи рақамли террорчи» эканини айтган.
Кривош давлат амалдорлари, депутатлар, судлар, вазирликлар, прокуратура ва черковлар вакиллари, шунингдек, Украина олигархлари YouTube’га ўзларининг «қонундаги террорчилар» эканлиги ҳақида роликлар жойлашини талаб қилган. Шунингдек, у мазкур талабни мурожаат кўринишида YouTube’га жойлаштирган. Кейинроқ Twitter ва YouTube Кривошнинг аккаунтларини ўчирган.
Жиноятчи йўловчиларнинг телефонларини олиб қўйган ва уларнинг қариндошларига қўнғироқ қилиб, имкон қадар кўпроқ журналистлар билан боғланишни ва унинг талабларини етказишни талаб қилган.
Бундан ташқари, у украиналик журналист, мамлакатдаги йирик интернет нашрлардан бири «Цензор-нет» бош муҳаррири Юрий Бутусовга қўнғироқ қилиб, унинг олдига имкон қадар кўп журналистлар келишини исташини айтган. Бутусов «агар автобусдаги аёллар ва болаларни қўйиб юборса, ўзи бориши»ни айтган.
Зеленскийнинг мурожаати
Украина президенти маҳаллий вақт билан соат 9:00 атрофида фейсбукдаги саҳифасида видеомурожаат қилиб, ушбу постга изоҳ сифатида автобусни қўлга олган шахснинг талаблари акс этган скриншотни жойлаштирди. Бу талаблар орасида у «2005 йилги «Ерликлар» фильмини ҳамма кўрсин» деган баёнотни жойлаштириши кераклиги ҳақидаги талаб ҳам бор. Ушбу ҳужжатли фильм жониворларнинг инсонлар томонидан эксплуатация қилиниши тўғрисида.
Постнинг ўзи эса Владимир Зеленский видеомурожаати бўлиб, у шундай деди: «2005 йилги «Ерликлар» фильмини ҳамма кўрсин».
Бу вақтда Ички ишлар вазири Арсен Аваков гаровдагиларнинг уч нафари озод этилганини хабар қилди. «Коваль уч кишини олиб чиқди», дея ёзган у. Полиция раҳбарининг биринчи ўринбосари Евгений Коваль бунгача гаровдагиларга сув элтиб берганди.
Ижтимоий тармоқда уч кишининг озод этилиши тасвирлари тарқалди.

Украина президенти матбуот котиби Юлия Менделнинг маълум қилишича, Зеленский Максим Кривош билан шахсан гаплашган.
«Президент Владимир Зеленский ушбу шахс билан телефон орқали гаплашгани эвазига дастлаб уч киши автобусдан қўйиб юборилди», деди у.
Бир соат ўтиб Ички ишлар вазири Арсен Аваков гаровдагиларнинг барчаси озод қилингани ҳақида хабар қилди. Зеленскийнинг пости эса ўчириб юборилди, у твиттердаги саҳифасида табрик твити ёзди.
Жиноятчи ҳақида нималар маълум?
Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченконинг маълум қилишича, Максим Кривош Украина фуқароси, 1975 йилда Россиянинг Оренбург областида туғилган.
Икки марта фирибгарлик, тамагирлик, жиноий гуруҳ тузганлик ҳамда ноқонуний қурол олиб юриш учун судланган, 10 йилга яқин вақтни қамоқда ўтказган.
У 2014 йилда 400 нусхада «Жиноятчи фалсафаси» номли китоб чиқарган. Китобда Максим Кривош ўз таржимаи ҳолидан баъзи маълумотларни ошкор қилган, хусусан , у зиёлилар оиласида ўсганини, бироқ болалигида жангари фильмларни кўп кўргани ва «катта одам бўлишга қарор қилганини» маълум қилган. 
Украинанинг Ровно шаҳридан бўлган жониворлар ҳуқуқлари ҳимоячиси фаолининг сўзларига кўра, Кривош сўнгги беш йил давомида волонтёрлик билан шуғулланган ва жониворларни ҳимоя қилган.
«У Дубнода жониворларни ҳимоя қилар, даволарди, бу ерда уни ҳамма танийди, ҳокимиятдагилар ҳам, фахрийлар ҳам. Ҳамма бу хабардан шокда. У ҳеч қачон агрессивлик қилмаган, тарбияли одам эди», - деган жониворлар ҳимоячиси Алла Лосик.
Фото: Reuters
Фото: EPA/Vostock-photo

Комментарии (0)

Оставить комментарий