1789 йилги қонун билан АҚШ ФҚБ 2 млрд долларлик компаниядан агент сифатида фойдаланмоқда
Американинг Sabre компанияси ҳақида кўп нарса маълум эмас, бироқ Интернет орқали авиачипта расмийлаштирган инсон унинг базасига тушган бўлиши эҳтимоли катта. Унинг XVIII асрдаги қонун асосида ФҚБ билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар кам, деб ёзади Forbes.Ўша қонунга кўра, Sabre россиялик Алексей Бурков ҳақидаги ахборотларни ФҚБга берган — у июнь ойида АҚШда 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Американинг чегара хизмати АҚШдан чиқиб кетаётганлар ва кириб келаётганларни синчиклаб кузатади, шунингдек, бу инсонлар ҳақида улкан маълумот тўплайди. Бироқ ҳокимиятда саёҳатчиларни кузатиш борасида яна бир восита бор, буни уларга Техасдаги унчалик машҳур бўлмаган, лекин жуда нуфузли Sabre компанияси тақдим этади.
Бу компания бутун жаҳонда саёҳатчилар ҳақида маълумот тўплайдиган учта йирик ташкилотдан бири. Юзлаб авиакомпаниялар ва меҳмонхоналар унинг дастурий таъминотидан фойдаланади. АҚШ ҳукумат тузилмалари саёҳатчилар тўғрисидаги маълумотларни сўраб бир неча бор Sabre’га мурожаат қилган. Энг камида бир марта Америка ҳокимияти гумонланувчини реал вақт режимида кузатишни талаб қилган. Sabre собиқ ходимларининг айтишича, компания томонидан йиғилган маълумотлар — ахборотлар хазинаси бўлиб, улардан ҳаттоки COVID-19’нинг тарқалишини кузатишда ҳам фойдаланиш мумкин.
Sabre акциялари NASDAQ’да сотилади, унинг бозор қиймати — 2 миллиард доллардан зиёдроқ. Компания ўзининг улкан маълумотлар базасини қандай қилиб қўлга киритганини англаш учун Америкада туристик индустрия энди тетапоя бўлаётган 1950-йилларга қайтиш керак.
Ўша пайтлар American Airlines авиакомпаниясининг бронлаш хизмати ходимлари устига улкан картотекани эслатувчи катта айлана столлар бўйлаб ўтириб олиб, қўнғироқларни қабул қилишар эди. Бундай картотекаларда ҳар бир муайян брон, барча сотилган жойлар ва учиш вақти ҳақидаги маълумотлар сақланарди. Бироқ инсон омили туфайли маълумотларда ноаниқликлар кўп эди: айрим рейсларга самолётдаги ўриндиқлар сонидан ортиқча чипталар сотилар, бошқа рейслар эса аксинча, тўлмай қоларди. Саёҳатчиларни бу асабийлаштирарди.
Бронлаш тизимини янада аниқ ва самарали қилиш учун American Airlines IBM ва Массачусетс технология институтига мурожаат қилган, улар илк марта тезкор тарзда янгилаш мумкин бўлган бронлар маълумотлар базасини яратишган. American Airlines бу тизимни Semi-Automated Business Research Environment деб атаган. Кейинчалик бронлаш тизими қисқартирилган Sabre номи билан янада машҳурлашди. 1964 йилда у IBM компаниясининг икки ЭҲМида илк марта ишга туширилди.
Тизим шу қадар самарали бўлиб чиқдики, Sabre алоҳида компания бўлиб ажралиб чиқиб, нафақат American Airlines, балки бошқа компанияларга ҳам хизмат кўрсата бошлаган. Бугун Sabre тизимида нафақат авиачипталар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек саёҳатлар билан боғлиқ барча нарса — меҳмонхона номерларини бронлашдан тортиб, автомашиналарни ижарага олишгача бўлган маълумотлар яширин.
Қачонлардир саёҳат қилишга жазм қилган ҳар қандай киши аллақачон Sabre маълумотлар базасидан ўрин олган бўлиши керак. Бу тизим саёҳатчилар йилига 260 миллиард доллар сарфлайдиган, жаҳондаги жами бронланган авиачипталарнинг учдан бир қисмини қайта ишлайди. Компания штати ҳажми бу миқёсга ҳамоҳанг — Sabre’да 9 мингдан зиёд киши ишлайди.

«Улар улкан база яратишган», — дейди Sabre’нинг Мексикадаги бўлинмаси собиқ раҳбари Глория Гевара. Ҳозир бу аёл Туризм ва саёҳат бўйича бутунжаҳон кенгаши (WTTC)га раҳбарлик қилмоқда. Гевара Sabre’да 1995 йилдан 2010 йилгача ишлаган. Унинг таъкидлашича, ўша пайтда компания жаҳондаги икки йирик маълумотлар базасидан бирининг эгаси бўлган.
«Муайян саёҳатчи қаердан ва қайси рейсда учиб келганини айтиш мумкин эди. Унинг самолётдаги ўрнигача аниқ. Sabre тизимида шу маълумотлар сақланарди», — дейди 1994 йилдан 2004 йилгача компаниянинг вице-президенти бўлган Жим Менге.
АҚШ ҳукуматига ёрдам
Sabre’нинг АҚШ ҳукумати билан алоқалари анчадан бери маълум. Компаниянинг собиқ раҳбарлари АҚШ конгрессида кўрсатма берган, президентнинг махсус комиссиялари таркибига киритилган. Бироқ, ҳамкорликнинг махфий томони ҳам бор эди. 2001 йил 11 сентябрь терактларидан сўнг АҚШ ҳукумат тузилмалари компаниядан жиддий жиноятлардан тортиб кичик қоидабузарликда гумонланаётган инсонлар ортидан кузатишни илтимос қилади.
АҚШ ҳукумати кўп йиллардан бири йирик телекоммуникация компаниялари ва банкларга у ёки бу инсонларни кузатишда ёрдам сўраб мурожаат қилиб келади. Масалан, телефон қўнғироқларини эшитиш ёки инсон пул ечиб олган жойни аниқлаб бериш. Банклар ва телекоммуникация компаниялари билан боғлиқ ҳолатларда америкалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар суддан бир неча турдаги ордерларни олиши керак. Туристик соҳада улар шундай ёндашувни қўллаб, авиакомпаниялар, отеллар ва туроператорларга алоҳида-алоҳида мурожаат қилишлари мумкин эди. Бироқ, Sabre ва унинг рақобатчилари шарофати билан АҚШ ҳокимиятида ҳамма муаммоларни судда битта ордер олиш билан ечиш имконияти пайдо бўлган.
Forbes’га интервьюси давомида Глория Гевара ва Жим Менге 2001 йилнинг 11 сентябрида Бутунжаҳон савдо марказига ҳужум уюштирилгач, компания ҳукуматга террорчиларнинг ҳаракатланиши борасидаги ахборотларни олишда ёрдам берган. Ўшанда ҳокимиятдагилар теракт содир бўлганидан сўнг Sabre’га мурожаат қилишган. Бироқ компания ҳокимиятга маълумотларни эртароқ ҳам тақдим этиши мумкин. 2019 йил декабрида ФҚБ «реал вақт режими»да кибержиноятларда гумон қилинаётган одам ҳақида ахборот беришни талаб қилган. Гап — келиб чиқиши ҳинд бўлган Дипаншу Кҳер исли қоидабузар ҳақида борарди. ФҚБ Sabre ходимлари олти ой мобайнида «бу инсоннинг реал вақт режимида ҳаракатланиши тўғрисида тўлиқ ва долзарб маълумотларни ҳар ҳафта етказиш» талабини қўйган. Компания гумондорнинг «барча бронлашлари ва тўланган тўловлари ҳақида маълумот»ни узатиб турган.
Дипаншу Кҳер унчалик машҳурмас, у қандайдир компаниянинг серверини бузган ва 5 минг долларлик зарар етказган. Ҳозир у уй қамоғида. Уни январда ушлашган, у айбини инкор этиб келмоқда.
2015 йилда ФҚБ айланмаси 20 миллион доллар бўлган, банк кредит карталарининг ўғирланган рақамлари сотиладиган ва харид қилинадиган Cardplanet веб-сайтига раҳбарлик қилган Алексей Бурковни кузатиш вазифасини олади. Бурковни кузатиш учун ФҚБ нафақат Sabre’га, Британиянинг Travelport’ига ҳам мурожаат қилган. Бу иш бўйича материалларнинг катта қисми ёпилган. 2019 йил ноябрида Исроил Бурковни АҚШга экстрадиция қилган, 2020 йил январида у электрон фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш, компьютер тизимларини бузиб кириш ва пул ювиш бўйича айбига иқрор бўлган. (Июнь ойи охирларида АҚШда Бурковга 9 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди).
Sabre аввал ҳам учта ўхшаш ҳолатда «ҳибсга олиш ордерини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш» хизматини амалга оширган.
«Ноодатий, ҳаттоки ортиқча чоралар»
Forbes’га интервьюси давомида ҳуқуқий масалалар бўйича экспертлар Дипаншу Кҳер иши хавотирланиш учун асос туғдириши, чунки бу ҳолат бундай операциялар қандай махфийлик даражасида олиб борилишини кўрсатиб берган.
Sabre ва бошқа компаниялар билан музокаралари чоғида ФҚБ 1789 йилги «Барча даъво аризалари ва суд қарорлари тўғрисида»ги қонунга асосланган. Бу қонун учинчи томондан суд ордерини бажариш учун АҚШ ҳукумат тузилмаларига ёрдам беришни талаб қилиш имконини беради. Бу қонун 2016 йилда жуда машҳур бўлди, ўшанда ҳокимият Apple’ни 2015 йилда Сан-Бернардинодаги жисмоний имконияти чекланган инсонларга мўлжалланган марказда теракт уюштирган мерганнинг iPhone’нини очишга мажбурламоқчи бўлишган. Ўшанда Apple буни рад этган ва ҳокимият ҳакер ёллашга мажбур бўлган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, агар ҳокимият 1789 йилги ўша қонунга ишора қиладиган бўлса, улар учинчи томон иштирокисиз буни амалга ошириш имконсизлигини исботлаши керак. Дипаншу Кҳер билан боғлиқ вазиятда бундай заруратни сўроқ остига олиш мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза этувчилар унинг АҚШга кириб келиши ҳақидаги маълумотларни чегарачилар ва божхоначилардан олишлари мумкин бўлган.
1789 йилги қонуннинг яна бир талаби — учинчи томон учун «вазифа мақбуллиги» ҳам саволлар келтириб чиқаради, деб давом этади Цвиллингер. «Агар гап биргина ҳолат ҳақида бораётган бўлса, эҳтимол, у қадар малол келмас. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар бот-бот бу чорани қўллай бошлашса, унда Sabre ҳукуматнинг ўзига хос агентига айланади», — дейди адвокат.
COVID-19 тарқалиши мониторинги
Sabre’нинг қимматли маълумотлар базасидан яқинда жиноятчиларни тутиш эмас, коронавирус тарқалишига қарши курашиш мақсадида фойдалана бошлашлари мумкин. ФҚБ фойдаланган ўша маълумотлардан COVID-19 пандемияси тарқалишини мониторинг қилишда ҳам бемалол фойдаланиш мумкин, чунки гап инсонларнинг бутун дунё бўйлаб ҳаракатланишлари тўғрисидаги аниқ маълумотлар ҳақида бормоқда.
Масалан, Хитойнинг Уҳан шаҳридан Нью-Йоркка неча киши учиб келганини, бошқа аэропортларда улар қанча рейсларга қайта ўтирганини аниқлаш мумкин. «Хитойдан АҚШга қанча одам учиб келгани, улар Япония, Тайван, Ҳаваи ороллари ёки Гуамда қайта ўтирганми-йўқми, аниқлаш мумкин», — дейди Жим Менге.
Sabre вакиллари бундай режалари йўқлигини айтишган
Махфийлик туфайли, Sabre’нинг АҚШ ҳукумати билан алоқалари нечоғлик яқинлиги, Sabre тизими «Барча даъво аризалари ва суд қарорлари тўғрисида»ги қонунга асосан гумонланувчиларни кузатишга нечоғлик тез-тез жалб этилгани борасида янада кўпроқ саволлар туғилади.
Стэнфорд университети Интернет ва жамият марказининг кузатув ва киберхавфсизлик бўйича директори ўринбосари Риана Пфефферкорннинг айтишича, АҚШ бу қонундан компанияларни маълумотлар билан бўлишишга мажбурлаш учун нечоғлик тез-тез фойдаланганини ҳеч ким билмайди. «Токи ҳукумат органлари ордерларни ижро этишга қаршилик кўрсатмаётган компанияларни махфий равишда мажбурлашда, судлар эса ҳукумат хизматларининг кўрсатмаси билан ордер беришда давом этар экан, биз буни била олмаймиз», — дейди Пфефферкорн.
Комментарии (0)