Хитойда ОТМларга кириш учун ягона давлат имтиҳонида рекорд сонда абитуриент иштирок этди
7 июлда Хитойда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ягона давлат имтиҳони – гаокаода рекорд сонда абитуриент иштирок этди. Иштирокчиларнинг умумий сони 10,7 млн кишини ташкил қилган.
Фото: Getty ImagesХитой марказий телевидениеси маълумотларига кўра, 2020 йилда ОТМларга киришни истовчилар 2019 йилга нисбатан 400 мингга кўпроқни ташкил қилган. Ҳукумат имтиҳон топширувчилар учун 400 мингга яқин аудиторияни ҳозирлаган ва имтиҳонлар бориши ортидан кузатиш учун 945 мингга яқин ўқитувчи ва назоратчини жалб қилган.
Пекинда атипик зотилжам авж олган 2003 йилдан бери биринчи марта ушбу имтиҳонлар коронавирус пандемияси сабабли бир ой кечроқ – июлда ўтказилмоқда. Дунёдаги мураккаб эпидемиологик вазият сабабли гаокао барча эҳтиёт чоралари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилган, ҳукумат ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун максимал чоралар кўрган.
Статистикага кўра, 2009 йилдан 2019 йилгача Хитойда абитуриентлар сони ҳар йили 9 млн атрофида бўлган. Абитуриентлар сони бўйича аввалги рекорд 2008 йилда қайд қилинган бўлиб, ўшанда имтиҳонда иштирок этиш учун 10,5 млн ўқувчи ариза топширган.
Гаокао учта мажбурий фан – хитой тили ва хорижий тил, математика ва ўз хоҳишига кўра яна бир фандан тестни ўз ичига олади. У ёзма тест шаклида ўтказилиб (хорижий тилдан ташқари), ҳар бир фанга 1,5-2 соат вақт берилади. Имтиҳон натижаларига кўра университетларга қабуллар амалга оширилади. Аксарият ўқувчилар тестларга 1-2 йил аввалроқ тайёргарлик кўришни бошлайди.
Комментарии (0)