Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишига 3 йил ичида 1,1 млрд доллар йўналтиради
Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришга 2020-2022 йилларда 1,1 млрд доллар йўналтиради.
Фото: Facebook /khadamotimatbuot“Аввал ГЭСни қуришга қўшимча молиялаштириш, жумладан евробондлар ва олтин сотилишидан олинган маблағлар йўналтирилган эди. Йиллик молиялаштириш 5 млрд сомонийгача (488,2 млн доллар) етган. Жорий йилда станция қурилиши бюджетда ушбу мақсадда кўзда тутилган 2,1 млрд сомоний (205 млн доллар) ҳисобигагина амалга оширилмоқда”, деб маълум қилинган мамлакат молия вазирлигида.
Таъкидланишича, айни вақтда Роғун ГЭСи қурилиши бош пудратчиси – Италиянинг Salini Impregilo компанияси молиялаштирилиши жадвалга кўра тўлиқ ҳажмда амалга оширилмоқда, бироқ баъзи маҳаллий қуйи пудратчилар иши ва хизматларига ҳақ тўлашда қарздорлик мавжуд.
“Айни вақтда республика учун қулай шароитларда ташқи инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда”, деб қўшимча қилинган молия вазирлигида.
Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи қурилиши бошлангандан бери барча молиялаштириш манбаларидан 28 млрд сомоний ўзлаштирилган.
Станциянинг иккита биринчи гидроагрегати ишга туширилган: биринчи агрегат 2018 йил ноябрда, иккинчиси 2019 йил сентябрда фойдаланишга топширилган.
Умумий ҳисобда ГЭСнинг машина залида ҳар бири 600 МВтли 6 та гидроагрегат ўрнатиш режалаштирилган. Станция қурилиши 2033 йилгача тўлиқ якунланиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, станция тўлиқ фойдаланишга топширилгач йилига ўртача 17 млрд кВт-соат электр энергия ишлаб чиқаради.
Комментарии (0)