ЖССТнинг Тожикистондаги вакили ўз лавозимини тарк этади
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тожикистондаги вакили Галина Перфильева унинг шартномаси ниҳоясига етаётганини ва шу сабабли ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди.
moh.tjПерфильеванинг таъкидлашича, у ўз лавозимини вақтинчалик эгаллаган ва айни вақтда ЖССТ унинг ўрнига одам қидирмоқда. “Мен ЖССТда анчадан бери пенсиядаман, шу сабабли шартномам ниҳояламоқда”, деб айтган ЖССТ вакили. У журналистлардан ЖССТнинг республикадаги ишига халақит қилмасликни илтимос қилган. “Ҳозир энг асосийси – сиз зудлик билан билишингиз керак бўлган масалалар эмас, балки миссиянинг ишидир”, деб таъкидлаб ўтган Перфильева.
У узоқ вақ Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг республикада коронавирус йўқлиги ҳақидаги расмий позициясини қўллаб-қувватлаб келган. У бу учун қаттиқ танқидларга ҳам учраган. Бироқ ЖССТнинг миссияси Тожикистонга коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун келиши маълум бўлгандан кейин Перфильева тожикистонликларнинг санитар-эпидемиологик осойишталиги ҳақида таъкидламай қўйган.
“ЖССТнинг вазифаси вирусни топиш эмас, балки шифокор ҳамкасбларимизга унга қарши курашда ёрдам беришдан иборат. Биз миссия келиб ёрдам беради, деб умид қиламиз. Минтақадаги давлатлар коронавирусга тайёр бўлмаганлари, қурилмалар, жиҳозлар йўқлиги аён нарса эди. Биз донор ва ҳамкорлар ёрдамига умид қиламиз”, деб айтган мутахассис ЖССТ миссияси келиши олдидан.
Шу билан бирга Перфильева 21 апрелдаги интервьюларидан бирида Тожикистонда коронавирус йўқлигини қатъиян айтиб бўлмаслигини маълум қилган. “Маълумки, коронавируснинг аломатсиз шакллари ҳам бор. Тожикистонда бошқа кўпчилик давлатлардаги каби, вирусни аниқлаш учун бутун аҳолини текширишга имконият йўқ”, деб айтган Перфильева.
Тожикистон ҳукумати республикада коронавирусга чалинишнинг илк ҳолатлари ҳақида 30 апрелда маълум қилган. Апрель бошидан мамлакатда зотилжамдан касалланиш ҳолатлари сони ўсиши қайд қилинган. Бироқ ҳукумат Тожикистонга вирус кириб келганини рад этган ва беморлар кўпайганини ноқулай об-ҳаво билан тушунтирган.
5 май куни коронавирус билан боғлиқ вазият ортида Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Насим Олимзод истеъфога чиқарилди.
Охирги маълумотларга кўра, Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 461 нафарга етди, ундан вафот этганлар сони 12 нафарни ташкил қилмоқда.
Комментарии (0)