Сергей Лавров Қирғизистон ва Туркманистонга боради
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков С.Лавровни қабул қилиши кутилмоқда. Шунингдек, Россия ТИВ раҳбари Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан ҳам музокаралар ўтказади. Бу йил Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга давлат ташрифига тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, Россия-Қирғизистон ҳамкорлиги асосий жиҳатлари, томонларнинг Евросиё минтақасидаги интеграциялашган уюшмаларда иштирок этиши, хусусан, Қирғизистоннинг 2019 йилда КХШТ ва ШҲТга раислик қилиши бўйича фикр алмашилади. Шунингдек, халқаро кун тартибидаги масалалар, шу жумладан, БМТдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.
5-6 февраль кунлари эса Сергей Лавров Туркманистонга Марказий Осиё мамлакатларига турне доирасида сафар қилади. Ташриф чоғида Россия ташқи ишлар вазири Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашиши, шунингдек, мамлакат ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Мария Захарованинг айтишича, томонлар икки томонлама кун тартибидаги асосий масалаларни, Каспий минтақаси давлатлари манфаатларига таъсир қиладиган қатор халқаро, минтақавий масалаларни кўриб чиқадилар.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон «Газпром»нинг туркман гази сотиб олишни тиклаш бўйича қарорини кутмоқда. Аввалроқ, Россияга газ экспорти 2019 йил январидан бошланиши хабар берилганди, аммо ҳозирги пайтда Россия Федерациясига газ етказиб бериш бошлангани маълум қилинмади.
Комментарии (0)