< Қозоғистонда коронавирус эпидемияси сабабли Наврўз тантаналари ва Ғалаба паради бекор қилинди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Қозоғистонда коронавирус эпидемияси сабабли Наврўз тантаналари ва Ғалаба паради бекор қилинди

Қозоғистонда коронавирус эпидемияси сабабли Наврўз тантаналари ва Ғалаба паради бекор қилинди

Қозоғистонда Наврўзга бағишланган тадбирлар ва Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий парад бекор қилинди.

Фото : Берик Курмангали / Facebook
Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Курмангали Facebook’да маълум қилди.
Таъкидланишича, бундай қарорни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев қабул қилган.
Режалар орасида Тўқаевнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Москвадаги Қизил майдонга ташриф буюриши ҳам бўлган. Бу борада бирор ўзгариш бўлгани ҳозирча маълум қилинмаган. 
Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати коронавирус тарқалиши хавфи сабабли 13 мартдан республикада барча оммавий маданий ва спорт тадбирларини бекор қилишга, қариялар уйларига ташриф буюришни тақиқлашга, ўқувчиларни муддатдан олдин таътилга чиқаришга, Европа, Туркия ва БАА билан авиаалоқани чеклашга қарор қилди.
Шунингдек, қозоғистонликларга тўйлар ва туғилган кунларни нишонлашни кейинроққа кўчириш тавсия қилинган. 
“Барча қозоғистонликларга мурожаат қилмоқчиман. Тўйлар, туғилган кунлар, байрамлар – жуда муҳим воқеалардир, бироқ соғлиқ масаласи муҳимроқдир. Бундай тадбирни ўтказмоқчи бўлганлар яхшилаб ўйлаб кўрсинлар. Айниқса бизда кўп кишилик тўйлар ўтказишни яхши кўришади”, деб мурожаат қилган қозоғистонликларга бош вазир ўринбосари Ерали Тугжанов.
“Фикримча, меҳмонлар сонини иложи борича қисқартириш керак. Бироқ биз бундай тадбирларнинг кейинроққа кўчирилишини тавсия қиламиз”, деб қўшимча қилган амалдор.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳозирча республикада коронавирус аниқланмаган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий