Қозоғистонда мактаб таътиллари эълон қилинди, барча оммавий тадбирлар тақиқланди
Коронавирус хавфи туфайли Қозоғистонда мактаб ўқувчилари учун таътил белгиланган вақтдан анча аввал эълон қилинди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.«Ўрта таълим муассасалари учун таътилга эрта чиқиш 2020 йил 16 мартдан 5 апрелгача давом этади. 16 мартдан бошлаб олий таълим муассасаларида масофавий ўқишга ўтилади», - дея маълум қилди мамлакат бош вазири ўринбосари Эрали Тугжанов.
Шунингдек, амалдорнинг хабар беришича, мамлакатда оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланган.
«13 мартдан бошлаб юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида оммавий тадбирларни - байрам, спорт, кўнгилочар ва маданий тадбирлар, конференциялар, семинарлар, кўргазмалар ҳамда бошқа тадбирларни ўтказиш тақиқланди. Соғлиқни сақлаш, таълим, таъминот, озиқ-овқат саноати, савдо, бозорлар, умумий овқатланиш, темир йўл станциялари, аэропортлар ва меҳмонхона объектларида санитария-зарарсизлантириш режими кучайтирилди», - деди Тугжанов брифингда.
Кеча, 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) янги коронавирусни пандемия деб эълон қилди. 114 мамлакатдаги 126 мингдан ортиқ киши касалликка чалинди. Вафот этганлар сони 4,6 минг кишидан ошди. Шу билан бирга, 68 мингдан ортиқ бемор касалликдан тўлиқ даволанди.
Комментарии (0)