< Ҳиндистонда мусулмонлар қирғин қилинди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Ҳиндистонда мусулмонлар қирғин қилинди

Ҳиндистонда мусулмонлар қирғин қилинди
МАМЛАКАТ пойтахти Деҳли атрофида ҳиндлар ва мусулмонлар жамоаси ўртасида юз берган тўрт кунлик тўқнашувлар оқибатида 42 (95 фоизи мусулмонлар) нафар киши ўлдирилди. Охирги 30 йил давомида Деҳлида кузатилган энг йирик тартибсизликлар деб баҳоланаётган машъум воқеанинг келиб чиқишига ҳуқуқ-тартибот органларининг эътиборсизлиги, бошқача қилиб айтганда, томошабин бўлиб ўтиргани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Бу борада Деҳлида яшовчи журналист, “The Week” газетаси мухбири Реха Диксит ўз мулоҳазаларини билдирган. Унга кўра, тартибсизликлар 23 феврал куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг мамлакатга ташрифи билан бир вақтда бошланган. Ҳафта охирига келиб, тартибсизликлар бостирилган бўлсада, қурбонлар сони ортиб бормоқда. Касалхонада ётган 200 нафар ярадордан маълум қисми ҳаёт учун курашмоқда. Тўқнашувлар юз берган ҳудудлар аҳолиси эса машъум воқеалар яна такрорланишидан хавотир олмоқдалар.
“The Week” мухбирига тўқнашувлар юз берган ҳудудда яшовчи Жамол исмли киши шундай деган: “Соқчиларимиз туни билан кўчаларда пойлоқчилик қилиб туришибди. Мен ҳалок бўлганлардан беш нафарини танийман. Улардан тўрт нафари ўқ тегишидан ўлган бўлса, бир нафари чавақлаб кетилди”.
Тартибсизликлар рўй беришига ўтган йилнинг декабр ойида Ҳиндистон фуқаролигини бериш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиш бўлди. Унга кўра, қўшни Покистон, Афғонистон ва Бангладешдан келган қочоқларга ҳинд паспорти муайян талаблар асосида берилади. Хусусан, бунинг учун ҳиндлар қавмидан бўлиш, сикх, буддист, насроний ёки жайн бўлиш лозим. Бундан яққол кўриниб турибдики, мусулмонларга Ҳиндистон паспорти берилмайди. Ҳукумат буни юқорида кўрсатилган давлатларда мусулмонлар жамоаси кўпчиликни ташкил этиши ва диний омиллар уларнинг қочоқ бўлишига сабаб бўлмаслиги билан изоҳламоқда. Аммо расмийлар, шундай экан, нима учун у ҳолда Хитойда қатағонга учраётган мусулмон уйғурларига ҳинд фуқаролиги бериш кўзда тутилмаганини тушунтиришмган. Натижада, қонундаги бу ўзгартишлар мусулмонларга қаратилган, деб баҳоланмоқда.

Hindustan Times/www.imago-images.de/Global Look Press
Ҳинд ҳукумати жавобсиз қолдираётган саволлардан бири, қонунга норозилик билдириб намойишга чиқаётган мусулмон жамоалари ҳинд миллатига мансуб аҳоли томонидан таъқиб этилишига нима учун кўз юмилаётганидир. Жумладан, намойиш иштирокчилари бўлган мусулмонларга нисбатан тошлар, тўппончалар ва «Молотов коктейл»лари билан ҳужум қилганлар. Тартибсизликлар бошланишга сабабчи бўлган маҳаллий ҳинд сиёсатчиси Капил Мишранинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тегишли баҳо бермаган. Хусусан, у полицияга мусулмонларни даф этиш ҳақида бир неча марта ошкора мурожаат қилган ва бундан руҳланган унинг тарафдорлари мусулмонларни қирғин қилишга киришган.
“The Week” мухбирига кўра, Бош вазир Нарендра Моди етакчилигидаги «Бхаратия Жаната Парти» партияси ҳукмрон сиёсий кучга айлангач, мамлакатда йиллар давомида барқарор бўлиб келган динлараро ва миллатлараро муносбатларга дарз кета бошлаган. Ҳукмрон партия ўз фаолиятида асосан ҳинд жамоалари манфаатини кўзлаб иш юритмоқда. Бу тарздаги очиқдан-очиқ ҳақоратомуз сиёсат бошқа динга мансубларнинг эса ғашига тегмоқда. Бунга Ҳиндистон фуқаролигини бериш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишларни мисол сифатида келтириш мумкин. Кўплаб экспертлар агар Ҳиндистон бу борада зарур чора-тадбирларни кўрмаса динлараро ва миллатлараро тўқнашувлар кўлами кенгайиб йирик ички урушга айланиб кетишидан хавотир билдирмоқдалар.

Комментарии (0)

Оставить комментарий