< Ўзбекистон-Тожикистон: Президент Мирзиёев тожикистонлик деҳқонларга "Captiva" совға қилди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Ўзбекистон-Тожикистон: Президент Мирзиёев тожикистонлик деҳқонларга "Captiva" совға қилди

Ўзбекистон-Тожикистон: Президент Мирзиёев тожикистонлик деҳқонларга "Captiva" совға қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тожикистонлик деҳқонларга "Captiva" совға қилди.
Президент ҳадяси Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистонга сафарининг илк кунида аксарият минтақавий нашрларнинг эътиборини тортган воқеълик ва сурат бўлди.
Бу ҳақда яна Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг ўзи расман хабар берди.
Хабар тафсилотларидан президент Мирзиёев Тожикистоннинг Турсунзода туманилик деҳқонларга уч дона "Captiva" ҳадя қилгани маълум бўлган.
Аммо расмий хабарда Ўзбекистон президентининг нега бундай қилгани сабаби очиқланмаган.
"Captiva" Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистон автосалонларида ҳозир бу русумдаги машиналарнинг нархи 32-35 минг АҚШ доллари атрофида айланади.
Бу - Ўзбекистон янги президентининг бир мамлакат халқига туҳфа қилаётган бу хилдаги илк совғаси эмас.
Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи ҳам худди шунга ўхшаш воқеълик билан ёдда қолган.
Ўшанда Афғонистон халқига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган "Isuzu" русумли 25 дона автобус ва "New Holland" маркали учта трактор Ўзбекистон президенти номидан совға қилинганди.
Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ Давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғинида иштирок этиш учун маҳаллий вақт билан бугун кун аввалида Тожикистон пойтахти Душанбега етиб борган.
Уни Душанбе халқаро аэропортида шахсан президент Имомали Раҳмоннинг ўзи қарши олган.
Имконли бўлган суратлардан кутиб олиш маросимининг тантанали бир руҳда ташкил этилганини кўриш мумкин бўлган.
Президентлар пойига қизил гиламлар тушалган. Давлат раҳбарлари ўтиб бораркан, ҳар икки томондан ўнлаб йигит-қизлар уларни олқишлаб туришган.
Икковлоннинг пойтахт Душанбеда олиб борган мулоқотлари тафсилотлари эса, расмий хабарларда умумий тусда ўз ифодасини топган.
"Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилгани"ни билдириш билан чекланилган.
Тожикистон
Шу соатларда эса, икки қўшни давлат президентларининг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Турсунзода туманига боришгани, у ердаги деҳқончилик ишлари билан яқиндан танишишгани маълум бўлган.
Ўзбекистон президенти ўзининг учта "Captiva"дан иборат совғасини худди шу ернинг ўзида, тожикистонлик ҳамкасбининг ҳозирлигида топшириб қўя қолган.
Сув устидан ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов даврида деярли уруш ёқасига бориб қолган икки давлат ўртасидаги алоқалар Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ўзида жадаллик билан ўзгаришларга юз тутган.
Ҳар икки президент ўзларининг бир-бирларига қилган расмий ташрифлари чоғида ҳозир "ораларида ҳал этилмаган бирор бир муаммо қолмагани"ни баён қилишгача боришган.
Чегаралар очилган, парвозлар қайта тикланган, чегарага яқин ҳудудларни миналардан тозалашга келишилган, Роғун ГЭСини ҳамкорликда қуришга оид истаклар янграган...
Президент Мирзиёевнинг Тожикистонга сўнгги ташрифи ва қилган ҳадяси ҳам ўзбекистонлик ва ҳам тожикистонликлар томонидан яна бир бор ана шу "дўстлик""нинг олий даражадаги рамзи сифатида баҳо топган.
Аммо Тожикистон мисолида бўладими ва ёки Афғонистон, туҳфа этилаётган совғаларнинг шахсан Ўзбекистон президенти номидан берилиши айрим таҳлилчилар орасида муайян саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Улар совғаларнинг Ўзбекистонда, халқнинг пули ва меҳнати эвазига ишлаб чиқарилганини назарда тутиб, бу "президентнинг совғаси"ми ёки "халқнинг ҳадяси", деган саволларни ўртага отишган.
Расмий хабарларда Ўзбекистон президентининг кенгаш йиғинидан ташқари, тор ва кенг доираларда турли музокаралар олиб бориши маълум қилинган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий