Украинада президентлик сайлови ўтказиладими?
Украинада ҳамма сайлов ҳақида гапира бошлади. Гарчи уруш давом этаётган, ҳар қандай сайлов қонунан тақиқланган, жамият ҳам уруш вақтидаги сайлов кампаниясини қўлламаётган бўлса-да. Баъзи сиёсатчиларнинг сўзлари сайлов шиорларини эслатмоқда. Бошқалар эса сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслиги ҳақида очиқ гапирмоқда.Ва буларнинг барчаси қандай сайлов ҳақида гап кетаётгани тушунарсиз бўлган, сайлов қачон бўлиши, умуман ўтказилиш ёки ўтказилмаслиги ҳам аниқ бўлмаган бир замонда содир бўлмоқда.
Бу нимага керак ўзи?
Бу борада туғиладиган биринчи савол шундай бўлади: урушаётган мамлакатда сайлов ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Уларни ўтказиш нимага керак? Тўғри, 31 октябрда Олий Рада учун парламент сайлови ўтказилиши керак эди. Тўғри, 2024 йил март ойида президентлик сайлови бўлиши керак. Лекин Украина урушаётган бир вақтда қандай сайлов ҳақида гап бўлиши мумкин?
BBC ушбу саволларга жавоб излади.
Биринчидан, Ғарбдагилар сайлов ўтиши керак деган ғояни қўллайди. Чунки уларнинг фикрича, Украина ўзини демократик давлат деб ҳисобласа, демократиянинг ажралмас қисми бўлмиш сайловларни ўтказиши керак. Яъни улар Украина демократик қадриятларга содиқ эканини исботлаш учун сайловни ўтказишга имкон топиши керак деб ҳисоблашади. Гарчи уруш вақтида рисоладагидек сайлов ўтказиш имконсиз бўлса ҳам.
Шунингдек, Володимир Зеленский сайлов ўтказилмаса, рус пропагандаси уни «нолегитим» ва «лавозимга ёпишиб олган» деб атай бошлашидан қўрқади деган яримконспирологик қараш ҳам мавжуд. Бу вақтда Владимир Путин 2024 йилги Россия президентлиги учун сайловда ғолиб бўлиши деярли аниқ.
Иккинчидан, Украинадаги амалдаги ҳукуматда ҳам сайловни кечиктирмай ўтказиш учун асослар етарли. Масалан, Зеленскийнинг рейтинги ҳамон мамлакатдаги сиёсатчилар орасида энг юқори — 70 фоиздан баландроқ.
«Бу рақамлар сайлов рейтингида ҳам шу кўринишда бўлиши мумкин. Вазиятга қўйилган мақсадлар ва сиёсий технологиялар томонидан қараш керак. Ишонч рейтинги юқори бўлиб турган вақтда аввал президентлик, кейин парламент сайловини, балки иккаласини бир вақтда ўтказиб олиш ҳукумат манфаатларига тўлиқ мос келади», дейди BBC билан суҳбатда Украина Сайловчилар қўмитаси раҳбари Олексий Комеш.
Бу борадаги учинчи вариантни эса Украина президентлиги учун сайловда қатнашиши ҳақида очиқ гапираётган мамлакатдаги ягона машҳур сиёсатчи Олексий Арестович фаол тарғиб қилмоқда. Унинг фикрича, Зеленский бошчилигидаги амалдаги Украина ҳукумати «охирги манзилига етиб келди». Уларнинг қабул қилаётган ташқи ва ички сиёсатдаги, шунингдек, ҳарбий қарорлар Украинани «ўлдирмоқда». Шундай экан, Арестович Украинадаги бошқарув тизими сайлов орқали янгиланиши керак деб ҳисобламоқда.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)