< «3 йиллик тарих» . Туркияда амалга ошмаган давлат тўнтариши тафсилотлари » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

«3 йиллик тарих» . Туркияда амалга ошмаган давлат тўнтариши тафсилотлари

«3 йиллик тарих» . Туркияда амалга ошмаган давлат тўнтариши тафсилотлари
 2016 йил 15 июль куни Туркияда ҳуқуқий демократияни ағдариб, ҳарбийлар хунтасини амалга оширишга уриниш бўлиб ўтди. Туркия ҳукумати тарқатган хабарларга кўра, бунда мухолифатчи Фетҳуллоҳ Гуленнинг қўли бор.
15 июль воқеаси қандай бошланди?
Бундан уч йил аввал, худди шу кунда Туркия халқи қонли давлат тўнтаришига уринишларга гувоҳ бўлди. Барчаси Туркия армияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари хизматида бўлган ҳарбийларнинг мамлакатнинг стратегик объектларига ҳужум қилишидан бошланди. Уларнинг асосий мақсади амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййип Эрдўғанни ҳукуматдан четлаштириб, тўнтаришни амалга ошириш эди.
Фото: AFP / Ozan Kose
Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаган Аҳмет Башар Шеннинг Kun.uz'га берган интервьюсида, Туркиянинг қирувчи ҳарбий ҳаво кемалари ўша тунда ўзларининг Парламент биносига ўт очганини сўзлаб берган. 
«Ҳарбий қўмондон Ҳулуси Акар эса ўғирлаб кетилди. Воқеалар ривожи шундай авж олдики, Туркия ўз 95 йиллик тарихида тўртинчи марта ҳарбий инқилобни бошдан кечираётганди», — дейди у. 
Аммо, шу пайтда бир кутилмаган ёхуд фавқулодда ҳодиса юз берди. Воқеалар тафсилоти ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, тинч аҳоли вакиллари ошхона буюмлари билан қуролланиб, кўчаларга чиқди. Хунтага қарши чиққан халқ Анатўлия майдонига йиғила бошлади. Эрдўғаннинг ижтимоий тармоқлар орқали жонли эфирда халққа мурожаат қилиши, идеологик бирдамлик сабаб кўчалар омма билан тўлиб тошди.
Фото: REUTERS/Huseyin Aldemir
Ноҳарбий фуқаролар ва содиқ полиция, армия хизматчилари кучларини бирлаштирди. Манбаларга кўра, ўша кечада 240дан ортиқ киши вафот этди, яна 2194 нафар шахс тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди.
Тўнтариш ортида ким турганди?
Ушбу хунтада Камолчилар ҳаракати яққол сезилмайди. 1946 йили Туркияда ташкил этилган кўп партиявийлик демократик бошқарув усули жорий этилиши билан, Туркия қуролли кучлари ва бошқа тузилмалар Мустафо Камол Отатуркнинг мафкуравий ҳимоячиларига айланди. Дунёвий Туркияни ривожлантириш йўлида ҳарбийлар бошчилигида ҳокимият аёлларнинг рўмол ўрашига ҳам қарши эди. Манфаатидан четда қолган партияларга нисбатан турли таъсирчан чоралар кўрилди. Аммо, уларнинг барчаси тарихда қолди.
Туркия ҳукуматининг таъкидлашича, амалга ошмай қолган тўнтариш бир пайтлар Эрдўғаннинг яқин маслакдоши бўлган Фетҳуллоҳ Гуленнинг режаси асосида юз берди.
«Икки йил давом этган суд жараёнлари, терговда бизга маълум бўлдики, Гулен ва унинг муридлари ўзаро алоқада бўлиб келган. Унинг муридлари ижро аппарати, айниқса, ҳарбий тузилмаларга жойлашиб олган», —  деганди Шен.
1999 йилдан буён АҚШда истиқомат қилиб келаётган 78 ёшли Фетҳуллоҳ Гулен «Хизмат» ташкилотига асос солган. Унинг ташкилоти нафақат мамлакат ичида, балки хорижда катта нуфуз ва таъсирга эга. Юқорида қайд этилганидек, Гулен ва Эрдўған узоқ вақт мобайнида ҳамфикр бўлиб келишди, аммо 2013 йили давлат раҳбари Фетҳуллоҳ Гуленни катта пул ювиш амалиёти ва коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айблаган. Шу билан «иттифоқ»  якунига нуқта қўйилди.
Фото: REUTERS/Tumay Berkin
Аҳмет Башар Шен тақдим этган маълумотга кўра, Гуленнинг молиявий қудрати 30 миллиард доллардан ошади. Унинг асосий кирими таълим муассасалари, медиа ва нодавлат ташкилотлардан келиб турган.
2013 йил бошланган терговлар орадан уч йил ўтиб жиддий тус ола бошлади: шу зайлда «Хизмат» нинг асл мақсадлари ошкор бўлиши муқаррар эди.
Нега тўнтаришнинг олдини олиш чоралари кўрилмади?
«Биринчидан, Гуленчиларнинг тармоғи ўта махфий ва сирли рўйхат асосида шакллантирилган. Улар иккиюзламачилик асосида иш олиб боришди: ким душман, ким дўст, англаш қийин эди» , —  деб фикр билдирган собиқ элчи.
Маълум қилинишича, Туркия разведка бошқармалари бир неча ойлардан буён «Хизмат»  аъзолари ўртасидаги ёзишмаларни кузатиб келган, аммо унда тўнтаришнинг режалари айтилмасди. Бу ҳақиқатан, разведкачиларнинг ожизлигини билдирди.
Ҳукумат илк бор 2016 йил 22 июлда расмий муносабатни эълон қилди. Унга кўра, давлат тўнтаришини амалга оширишга кўмаклашган «Хизмат»  аъзолари, Гуленнинг муридлари Туркия давлати хизматидан бўшатилади. Шундай қилиб, Гуленга қарашли барча медиа компаниялар фаолиятини тўхтатди. Журналистлар эса терговга тортилди. Университетларда ректорни сайлаш амалиёти бекор қилинди, энди Эрдўғаннинг ўзи номзодни тасдиқлайди. 
Фото: AP Photo/Emrah Gurel
Бугунги кунга қадар ўн минглаб давлат мулозимлари юқорида келтирилган сабаб билан ишдан олинган. Суд жараёнлари тўданинг ўта махфийлиги боис мураккаб давом этмоқда.
15 июль Туркия Республикаси ва турк халқининг тарихида демократия ғалабаси сифатида ўз ўрнини эгаллаган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий