«Россияда иш йўқ». Тожикистонга пул жўнатмалари ҳажми камаймоқда
Тожикистонлик меҳнат мигрантларининг Россияда иш топиши тобора қийинлашмоқда. Экспертлар тахминича, Россияда жорий йилги инқироз туфайли РФдан тожик мигрантларининг пул жўнатмалари миқдори сезиларли даражада камаяди.Ca-news хабарига кўра, Россиядаги мигрантлар томонидан пул маблағлари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизигача тўғри келарди.
«Вазият кескин ўзгарди, деярли ҳар куни иш излаяпмиз. Ҳамқишлоқларимнинг аксарияти ишсиз ўтирибди. Баъзан шундай бўлади: иш берувчи билан келишиб оласан, эртаси куни эса у қўнғироқ қилади ва бошқа, нисбатан «арзонроқ» ишчи топганини айтади. Россияликларнинг ўзи сўнгги йилларда даромадлари кескин камайиб кетганини тан олмоқда», - дейди Бобожон Ғофуров туманида яшовчи, сўнгги ўн йилдан бери Россияда ишлаётган 33 ёшли Соҳибхон Нуров.
Мигрантнинг сўзларига кўра, ўтган йили у ёз бошланишига қадар уйига 100-200 минг рубль (1600-3000 доллар) юборган бўлса, бу йил - 40 минг рублдан (630 АҚШ доллари) кам.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Россиядан Тожикистонга пул жўнатмалари миқдори 2018 йил шу даврига нисбатан 5,1 фоизга камайди.
Москвадаги Олий иқтисодиёт мактаби илмий тадқиқот институти кичик илмий ходими Даниил Кашницкий фикрича, «тожик мигрантлари даромадининг пасайишига асосий сабаб - Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари. Баъзи йирик рус компаниялари мамлакат ташқарисида ишлаш имкониятидан маҳрум, шунинг учун давлат бюджетига даромадлар камаймоқда. Буларнинг барчаси меҳнат муҳожирларига ҳам таъсир кўрсатмоқда».
Турли статистик маълумотларга кўра, Россияда Тожикистоннинг 800 мингдан 1 миллионгача фуқароси ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Россиядан Ўзбекистонга 4 миллиард доллар миқдорида пул жўнатмалари юборилганди.
Комментарии (0)