Ташқи кураш суратидаги ички курашми? Грузиядаги тартибсизликларга нима сабаб бўлди?
Хўш, Грузияда сиёсий кураш даражаси ошишига нималар сабаб бўлди? BBC бу борада таҳлилий мақола эълон қилди.
Кимнинг қўли — Москванинг ёки Иванишвили?
20 июнь куни бир неча минг киши Грузия парламенти биноси олдида тўпланди. Кўпчилик Россияга қарши шиорларни бақириб айтиб, Москвани Грузияни оккупация қилишда айблашди. Лекин йиғилганларнинг талаблари кўпроқ ички сиёсат билан боғлиқ эди.

2012 йилдан буён мамлакатда «Грузия орзуси» партияси ҳукмронлик қилади. Бу партия миллиардер Бидзина Иванишвили томонидан тузилган ва унга тегишли ҳисобланади.
Иванишвили ҳеч қандай давлат мансабларини эгалламаган, лекин аксарият уни Грузиядаги таъсир кучи энг катта инсон сифатида билади.
«Россияда мен ўзимнинг энг яхши 20 йилимни ўтказганман», — деган эди кунларнинг бирида Би-би-си рус хизматига интервьюси чоғида бизнесмен.
Иванишвилининг таржимаи ҳоли, унинг Россиядаги бизнеслари ва Москва билан муносабатларни яхшилаш зарурияти борасидаги чақириқлари мухолифатга миллиардерни Грузия манфаатларига зид ўлароқ Россия тарафдори бўлиб чизиқ ўтказишда айблаш учун имкон яратди. Аслида ҳам шундайми?
Иванишвилининг партияси ҳокимият тепасига келганидан буён Тбилиси ва Москва ўртасида бир қатор йўналишлардаги музокаралар конструктив изга тушиб олди.
Икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновлар, грузин шароби, минерал суви ва мевалари экспорти тикланди.
Россия Грузия фуқаролари учун виза режимини енгиллаштирди. Грузияга эса россиялик туристлар ёпирилиб кела бошлашди.
Лекин принципиал қарама-қаршиликларга ҳануз ечим топилмаган эди. Россия ҳамон Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар деб билади ва Грузияни мазкур статус-квони тан олишга чорлаб келади.
Тбилисидагилар эса ҳануз Цхинвали ва Сухумини оккупация қилинган ҳудудлар деб ҳисоблашади ва ажралиб чиққан ҳудудларни қайтариб олишдан умидини узишмаган.
Бу ҳолатда Владимир Путиннинг хатти-ҳаракатларини омма олдида танқид қилишдан Иванишвили доимо ўзини тийган.
Иванишвили партиясининг ҳукмронлик йилларида Грузияда нафақат россиялик туристлар, шунингдек, ЕИ ва НАТОдан узоқлашиб, Россия билан яқинлашиш мавзусини илгари сурувчи кўплаб ташкилотлар ҳам кўпайиб қолди.
Масалан, «Ираклий иккинчи жамияти», «Горчаков фонди», Примаков номидаги Россия-Грузия жамоатчилик маркази ва бошқалар.
Ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, «Грузия орзуси» ва Иванишвилига ишонч даражаси тобора сусайиб бормоқда.
«Ҳукмрон партиянинг халқ ўртасида тобора нуфузидан маҳрум бўлаётганига сабаб шуки, одамлар бу сиёсатчилар оддий инсонларнинг манфаатларига бефарқ экан, деган фикрга келишмоқда», — деган Би-би-сига Карнеги маркази етакчи таҳлилчиси Томас де Вааль.
Сайловлар ёрдам бермай қолганда

Бироқ кўплаб сиёсатшунослар Иванишвили ўзи қўллашни истаган Салома Зурабишвилининг ғалабасини таъминлаш учун ҳукмрон партиянинг маъмурий ресурси ҳамда ўзининг молиявий ҳолатидан фаол фойдаланган, деб ҳисоблайди.
«Сўнгги сайловлардан сўнг кўплаб одамларда ҳалол ва адолатли сиёсий кураш имконияти ва ҳокимиятни сайлов орқали алмаштириш мумкинлигига пессимистик муносабат уйғонди. Буларнинг барчаси биттада тўпланиб портлади ва мана шундай акцияга сабаб бўлди», — дейди сиёсатшунос Нодиа.
Сайловлардан сўнг мухолифат етакчиси Григол Вашадзе дарҳол Би-би-сига ўтказилган овоз бериш жараёни натижаларини ҳеч қачон тан олмаслиги ва мамлакат парламентига муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши учун уриниб кўришини маълум қилган эди.
Тбилиси марказидаги тартибсиз июнь митингларида бу чақириқлар яна янграй бошлади.
«Бешафқат тарқатиб юбориш» омили

Гап шундаки, «Грузия орзуси» ўзини айнан митинглар масаласида собиқ президент Михаил Саакашвилидан фарқли кўрсатиб келарди.
Грузиядагиларнинг аксарияти Саакашвили қўл остидагилар 2007 ва 2011 йиллардаги митингларни қандай шафқатсизларча бостиришганини яхши эслашади.
Иванишвили тарафдорлари Саакашвили ва унинг режимини қонхўр ва авторитар ўлароқ баҳолаб, «Грузия орзуси»дагилар ҳеч қачон бундай йўл тутмаслигини ваъда қилишганди.
Бироқ 20 июнь кунги митинг давомида полиция кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагичлар ва резина ўқлардан фойдаланган.
240 киши шифохоналарга тушган. Яъни, норозилик намойиши худди Саакашвили давридагидек куч қўллаш йўли билан бостирилган.
Ҳукуматнинг бундай ҳаракатлари ҳукмрон партиянинг рейтингига салбий таъсир ўтказиши муқаррар, дейишмоқда экспертлар

20 июнь. EANA KORBEZASHVILI/CIVIL.GE
Грузиядаги сиёсий қарама-қаршиликлар эгри чизиғи қай томон йўналишини олдиндан айтиш осон эмас.

Ҳукмрон партия позициялари анча сустлашиб қолади. Лекин муаммо шундаки, мухолифат ҳам бўлиниб ётибди. Миллий ҳаракат тарафдорлари кам эмас. Лекин уларнинг ёқтирмайдиганларнинг сони ҳам талайгина.
«Қайсидир маънода ҳокимият кўчада ётибди ва уни ердан кўтариб оладиган одамнинг ўзи йўқ, чунки кучли мухолиф партия мавжуд эмас. Беқарорлик муҳити бўй кўрсатмоқда», — дейди сиёсатшунос Гия Нодиа.
«Бу ҳукмрон партия учун жиддий огоҳлик қўнғироғи, лекин ҳозирча ўлим занги эмас», — дейди Томас де Вааль.
«Мен мухолифат кун тартибини ўз қўлига олишига ишонқирамаяпман. Парламент спикерининг истеъфога чиққани норозиларнинг катта қисми учун етарли, — дейди эксперт. — Лекин «Грузия орзуси» халқ кўз ўнгида келгуси йил ўтадиган сайловларгача машҳурлиги ва легитимлигини сақлаб қолишни истаса, партия жиддий тарзда ўзини қайта қурмоғи керак».
Комментарии (0)