Суданда хаос: намойишчиларнинг жасадлари Нилда оқмоқда, конституция бекор қилинган
Судан шифокорлар қўмитаси маълумотига кўра, шу кунларда Нил дарёсидан 40 жасад топилган. Мамлакат ўртасидан оқиб ўтувчи Нилнинг пойтахт Хартумдаги қисмидан топилган жасадлар намойишларга чиққан мухолифатчиларнинг жасадлари экани айтилмоқда. Шифокорлар қўмитаси мамлакатда икки кунда 100 нафар одам ўлдирилганини маълум қилди: «Нил дарёсидан 40 жасад олиб чиқилганини афсус билан маълум қилмоқчимиз. Улар «Жанжавид» (араблар бошқарувидаги ҳарбий куч. Унинг маъноси «от устидаги жин» дегани) кучлари томонидан номаълум томонга олиб кетилди»,- деб ёзилади Судан шифокорлар қўмитасининг фейсбукдаги саҳифасида.

STR/GETTY IMAGES
Ҳарбий кенгаш вакиллари қурол мухолифатга эмас, уларнинг орасига кириб олган жиноятчиларга қарши ишлатилгани иддао этмоқда. Суданни тўлиқ қўлга олишга интилаётган Ҳарбий кенгаш мухолифатни музокаралар столига чақирган, лекин Хартумга музокаралар учун борган мухолифат етакчиларидан бири қўлга олинган.
БМТ 2003 йилдаёқ «Жанжавид», яъни бугун «Тезкор кучлар» деб айтилаётган ҳарбий ташкилотнинг хавфли эканидан огоҳлантирган. Бу ташкилот аъзолари 2003 йилда этник можаро вақтида ўта шафқатсизлиги билан ёдда қолган.
Судан пойтахти Хартумда фуқаролар кўчага чиқишдан қўрқишмоқда. Судан разведкасининг шахсини ошкор қилмасликни сўраган собиқ ходимининг айтишича, жасадлари Нил дарёсидан топилган одамлар ҳукумат тарафдорлари бўлган кучлар томонидан ўлдирилган.
«Бу қирғин эди», дея собиқ разведкачининг сўзларини келтирмоқда Британиядаги 4-канал журналисти Юсра Элбагир.
Судандаги қўзғалонлар ҳақида гапирганда Саудия Арабистони номи кўп тилга олинмоқда. Саудия билан Суданни фақат Қизил денгиз ажратиб туради. Денгиздан ўтгач, илк шаҳар Макка ва шу боис Судандаги ҳолат Саудия учун жуда муҳим. Саудия ҳукумати охирги кунлардаги нотинчликлар юзасидан баёнот берди: «Қироллик ўзига дўст ҳисоблайдиган Судан фуқароларининг тинчлиги учун мамлакатдаги турли кучларнинг ўзаро музокаралари муҳим деб ҳисоблайди»,- дейилади айнан нимага ишора қилингани мужмал кўринган баёнотда.
Конституция бекор қилинган...

AFP/GETTY IMAGES
Мухолифат ҳарбийлар билан музокара вақтида мамлакатда 3 йиллик ўтиш даври эълон қилиниши ва шундан сўнг сайловлар ўтказлишига келишиб олганди. Бу келишувга рози бўлган Ҳарбий кенгаш эса 3 июнь куни палаткадаги мухолифотчиларга қарата ўқ уза бошлади. Қирғинга айланиб кетган тўқнашув мамлакатда хаос келтириб чиқарди.
4 июнь куни Ҳарбий кенгаш етакчиси Абдулфаттоҳ ал-Бурхон намойишчилар билан ҳеч қандай музокара бўлмаслигини ва олдинги келишувлар бекор қилинганини билдирди. У икки ойдан сўнг сайловлар ўтказилишини эълон қилди. Бир кун ўтиб эса Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ҳарбийлар музокараларни давом эттиришга ҳозирлигини билдирди. «Бўлиб ўтган воқеалардан афсусдамиз», деб қўшимча қилди у.
«Ҳарбийлар тахтга ёпишиб қолишган...»

Фото: AFP
Намойишчилар одамларни Рамазон ҳайитини кўчаларда нишонлашни ва ўша вақтда норозилик билдиришларини сўради, аммо байрам куни ҳарбийлар барча ерларни эгаллаб олишганди.

Фото: GETTY IMAGES
Судан пойтахтидаги дорихоналардан бирининг ходими ВВС билан суҳбатда шундай дейди: «Ҳарбийлар бизни яраланганларга ёрдам бераётган иккита касалхонадан ҳайдаб чиқаришди. Ҳарбий кенгаш яраланганларга ёрдам бераётган касалхоналарни ёпишга буйруқ берган».
Комментарии (0)