Исроилдаги ўзбекистонликларга муҳим огоҳлантириш берилди
Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётгани муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича мурожаат қилди.
Элчихона маълумотига кўра, минтақадаги вазият янада мураккаблашиши эҳтимоли сақланиб турибди. Шу муносабат билан фуқароларга Исроил давлат идоралари, хусусан, Фуқаро фронти орти қўмондонлиги (Home Front Command) томонидан эълон қилинаётган расмий хабар ва кўрсатмаларни мунтазам кузатиб бориш ҳамда уларга қатъий амал қилиш тавсия этилди.
Шунингдек, ўзбекистонликлардан яшаш ёки иш жойига энг яқин бошпаналар жойлашувини олдиндан аниқлаб қўйиш, ҳаракатланиш ва сафарларни эҳтиёткорлик билан режалаштириш, амалдаги хавфсизлик чекловларини инобатга олиш сўралди. Бундан ташқари, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзлари билан олиб юриш ва яқинлари билан узлуксиз алоқада бўлиш муҳимлиги таъкидланди.
Шошилинч ҳолатларда Исроилда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги телефон рақамлари орқали элчихона билан боғланишлари мумкин:
- 03-672-2466
- 03-672-2371
- 03-758-5075
- 03-758-5076
Дипломатик ваколатхона фуқароларни хотиржамликни сақлашга, ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликка ва фақат расмий манбалар тарқатаётган ахборотга таянишга чақирди.
Фавқулодда ҳолатлар учун:
- +972 54 485 1397
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси вазиятни доимий назорат қилиб бормоқда ва зарурат туғилган тақдирда қўшимча маълумотлар эълон қилинади.
Комментарии (0)