< Жонсонни «ағдарган» ҳиндга қарши «иккинчи Тэтчер» ёхуд бош вазирлик учун икки номзод қолди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

Жонсонни «ағдарган» ҳиндга қарши «иккинчи Тэтчер» ёхуд бош вазирлик учун икки номзод қолди

Жонсонни «ағдарган» ҳиндга қарши «иккинчи Тэтчер» ёхуд бош вазирлик учун икки номзод қолди
Буюк Британия Консерватив партияси етакчилиги учун пойга финалига партиянинг парламентдаги вакиллари ўртасида овоз бериш жараёнининг охирги туридан кейин собиқ молия вазири Риши Сунак ва амалдаги ташқи ишлар вазири Лиз Трасс чиқди.

Борис Жонсоннинг истеъфосидан кейин Консервативлар партиясида етакчилик учун кураш давом этмоқда — партиянинг янги раҳбари Буюк Британиянинг янги бош вазирига айланади. Айни вақтда кураш ҳал қилувчи босқичга кирмоқда.

7 июл куни Борис Жонсон ўз истеъфосини эълон қилгач (у бош вазирликдаги ўринбосари аниқлангунига қадар лавозимда қолади), Буюк Британия Консерватив партиясида партия раҳбарлиги учун кураш бошланди. Ғолиб нафақат партияни, балки мамлакатни ҳам бошқаради — камида кейинги умуммиллий сайловларгача. Партия раислиги учун амалдаги бош вазир тарафдорлари ҳам, Жонсоннинг тарафдорлари сотқин деб биладиганлар ҳам кураш олиб боришди. Пойга бошидан буён энди қиролликнинг собиқ молия вазирига айланган Риши Сунак етакчилик қилиб келди: унинг июн ойидаги истеъфоси ҳукумат инқирозини юзага келтирган, якунда бу Жонсоннинг истеъфосига олиб келганди. Сунакка охирги турда икки аёл номзод рақобат қилди — собиқ мудофаа вазири Пенни Мордонт ва амалдаги ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.

Сўнгги турда Риши Сунак 137 овоз олди, Лиз Трасс — 113. Шу билан бирга, Сунакнинг натижаси ўтган турдагига қараганда 19 пунктга, Трасс хонимники эса 27 пунктга яхшиланган. Тереза Мэй ҳукуматида Бирлашган қироллик тарихида илк мудофаа вазири бўлган Пенни Мордонт 105 овоз билан учинчи ўринда қолиб кетди — у охирги турда Трассдан 8 та кам овоз олди (унинг овозлари сони охирги турда 13 тага ошган). Ҳолбуки, тўртинчи турдан кейин Сунак 118 овоз билан биринчи, Мордонт 92 овоз билан иккинчи, Трасс 86 овоз билан учинчи бўлиб турганди.

Лиз Трасс партиядошларига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган ва «биринчи кунданоқ ишга киришга тайёрлиги"ни таъкидлади.

Пенни Мордонт «биз биргаликда олға ҳаракатланамиз» деди. «Ғалаба яқин эди, афсуски, Пенни ютқазиб қўйди. Энди Лиз Трасс учун овоз бераман. У охиригача Борис Жонсонга садоқатли бўлиб қолди ва унинг оёғидан чалишга ҳаракат қилмади», дея ёзди Мордонтни қўллаб-қувватлаб келган Майкл Фабрикант.

Британия ҳукуматининг кейинги раҳбари номи ҳукмрон Консерватив партиянинг барча аъзолари ўртасида ўтказиладиган овоз бериш жараёнидан кейин маълум бўлади, натижалар 5 сентябр куни эълон қилинади.

Елизабет Трасс бошқа номзодларга қараганда катта сиёсий тажрибага эга деб қараларди, у бошқа вазирлик лавозимларида ҳам ишлаган. Ўз навбатида, Пенни Мордонт ҳукуматда Риши Сунакдан кўра кўп вақт давомида бўлган.

Чоршанба тонгида, парламентда овоз бериш жараёнининг сўнгги тури арафасида букмекерлар Трасснинг имкониятини юқорироқ баҳолашаётганди.

Эндиликда, номзодлар атиги икки нафар қолганида улар энди парламентдаги ҳамкасбларини эмас, Консерватив партиянинг барча аъзоларини ўзи энг муносиб номзод эканига ишонтириши талаб этилади.​

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий