< «Тоза ишлади» — Шавкат Мирзиёев Муроджон Азимов ҳақида гапирди » Независимое информационное агентство. «ҲАМСИНФ»

«Тоза ишлади» — Шавкат Мирзиёев Муроджон Азимов ҳақида гапирди

«Тоза ишлади» — Шавкат Мирзиёев Муроджон Азимов ҳақида гапирди
Қаршида ўтаётган халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё ҳокими Муроджон Азимов ҳақида гапирди.

«Мен уни кеча эмас, 15 йилдан бери биламан. Божхона тизимида тажриба тўплаган, менинг ишончимни оқлади. Албатта оғир бўлди, аммо тоза ишлади, синдирди коррупцияни. Ўзимга ўзим савол бераман. У ёки бу соҳага, ҳудудга раҳбарни тўғри танладимми? Баъзан ишонч билан, баъзан иложсизликдан кадр қўямиз. Чунки яхши кадр топиш жуда қийин.

Бу номзодни фақат президент айтган бўлиб қолмаслиги учун 6 ой вилоятга жўнатиб, сизлар олдингизда синовдан ўтказдим. Барча депутатлар ва вилоят фаолларига айтмоқчиман, сизлар бефарқ бўлмасангиз, сизлар бирдамлик билан ишласангиз, вилоятда ҳаёт ўзгаради. Бугунги қўядиган ҳокимимиз Қашқадарё вилоятининг тақдирини ўзгартириши керак.

Авваллари Наманганга борганда тадбиркорлик йўқ эди, ривожланиш йўқ эди. Бош вазир пайтимда вилоятга борсам, „бу кўчага кириб бўлмайди, вазияти бошқача“ дейишарди. Мана яхши номзод қўйдик, Наманган халқининг ишончини қозонди, ҳозир бу вилоят олдинги ўринларда. Нега Қашқадарёда шундай бўлмаслиги керак?

Бу вилоят бошқа ҳудудлардан орқада. Бу ерда эрталаб ярим соат вақтлироқ иш бошлаб, камида 2 соат кўпроқ ишлаш керак. Бу ерда ҳоким бўлган одам қаттиққўллик билан иш олиб бориши зарур», деди президент.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда Азимов расман Қашқадарё ҳокими этиб тасдиқланди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий