АҚШ Россия чегарадаги қўшинларини оширишда давом этаётганини айтмоқда
АҚШ ҳукуматидаги юқори мартабали мансабдорлардан бири Россиянинг қўшинларини Украина чегарасидан олиб кетаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Унинг тасдиқлашича, сўнгги кунларда чегара ҳудудига яна 7 минг ҳарбий олиб келинган. Россия мудофаа вазирлиги ҳам қўшинларни олиб кетиш ҳақида эмас, машғулотларнинг бир қисми якунлангани ҳақида баёнот берганди. Қолган машғулотлар давом этмоқда, Донбассдаги отишмалар ҳақидаги хабарлар ортидан рубль курси қулай бошлади.
Яна 7 минг ҳарбий
Аноним манба бир неча нашрлар журналистлари қаршисида шу маълумотни айтган. Бу Россиянинг Украинага бостириб кириши таҳдидига баҳо илк бор шундай форматда берилиши эмас. Манбанинг маълум қилишича, Россия Украинага бостириб кириш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши ва бу «исталган вақтда» содир бўлиши мумкин (Вашингтондагилар аввал ҳам шу каби прогнозлар беришганди).
АҚШ президенти маъмуриятидаги амалдорнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда чегарага яна 7 мингга яқин ҳарбий хизматчилар жойлаштирилган, уларнинг бир қисми чоршанба куни келган. Reuters ва Bloomberg агентликлари у бу сўзлари учун бирор далил келтирмаганига эътибор қаратган.
Сешанба куни Россия мудофаа вазирлиги вакили Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округлар бўлинмалари ўз ҳарбий гарнизонларига қайта бошлаши ҳақида маълум қилганди. Душанба куни ҳарбий машғулотларнинг бир қисми якунланаётгани ҳақида вазир Сергей Шойгу анонс қилганди. Россиялик ҳарбийлар бу контекстда Украинани тилга олмаган, аммо 2014 йилда босиб олинган Қримни тарк этаётган ҳарбий техникалар видеоси намойиш этилганди.
«Кеча Россия ҳукумати қўшинларини Украина чегарасидан ортга қайтараётганини маълум қилди. Бу баёнот АҚШда ҳам, бутун дунёда ҳам барчанинг эътиборини тортди. Аммо энди биз бу ҳақиқат эмаслигини биламиз», — дейди Axios портали мухбири билан суҳбатда аноним манба. У Москва фақат «сўзда» дипломатияга тайёрлиги, амалда «урушга тайёрланиши"ни айтди. Душанба куни Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров дипломатияни давом эттириш муҳимлигини қайд этганди.
«Биз фақат аксини кўряпмиз»
Бу борада очиқ баёнотлар ҳам берилди. «Россия нима демоқдаю, Россия нима қилмоқда. Биз ҳеч қанақасига уларнинг ҳарбийлари олиб кетилаётганини кузатмаяпмиз. Биз ҳамон муҳим бўлинмалар чегара томонга ҳаракатланаётганини кўрмоқдамиз, чегарадан кетаётганини эмас», деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
Манба:zamin.uz
Комментарии (0)