ЖССТ экспертлари Хитойга киритилмади. Улар коронавируснинг келиб чиқишини текширмоқда
Коронавируснинг келиб чиқиши манбайини аниқлашга киришган ЖССТ экспертларига Хитойга киришга рухсат берилмади.
ЖССТ маълумотига кўра, икки эксперт йўлга чиққан бўлган, аммо виза билан боғлиқ муаммолар туфайли улар ушбу мамлакатга киритилмаган.Улар 2019 йил охирида коронавирус илк бор қайд этилган Уҳан шаҳрига ташриф буюришни режалаштиришганди. Вирус ушбу шаҳардаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлган, деб ҳисобланилади.
Ўтган йил декабрида кўп ойлик музокаралардан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Хитой ҳукумати шундай тадқиқот ўтказилишига келишишганди.
ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус расмий Пекин барибир ташкилот ходимларининг мамлакатга киришига рухсат бермаганидан афсусдалигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, икки нафар ходим аллақачон йўлга чиққан бўлган ва сафарни қолдиришга тўғри келган.
«Мени ишонтиришди, Хитой халқаро мутахассисларнинг ташрифини тезлаштириш учун ички процедураларни тезлаштирмоқда», деган ташкилот раҳбари сешанба куни Женевадаги матбуот анжуманида.
У хитойлик юқори мартабали дипломатлар билан доимий алоқада бўлиб турганини қўшимча қилган.
ЖССТ бир неча ойдан буён ўзининг 10 нафар мутахассиси ХХРга вирус намуналарини олиш ва унинг келиб чиқиши манбайини, шунингдек, у қандай қилиб жонивордан инсонга ўтганини аниқлаш учун Хитойга киришига ҳаракат қилиб келади.
Декабр ойида бу бўйича ишлар 2021 йил январида бошланиши маълум қилинганди.
Сешанба куни махсус жамоанинг икки вакили Хитойга йўл олганди, аммо ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари Майкл Райан экспертларда Пекин сўнгги дақиқаларда сўраган айрим ҳужжатлар йўқлиги уларнинг йўлига тўсиқ бўлганини маълум қилди. Улардан бири уйига қайтган, иккинчиси эса учинчи мамлакатда қолган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳам бу бўйича маълумот берган.
«ЖССТ экспертларини қабул қилишга тайёргарликни тугатишимиз учун қатор муаммоларни бартараф этишимиз ва Хитойга келадиган мутахассислар учун яхши шароитлар яратишимиз керак», деган у.
Вирус қаердан келиб чиққан?
Covid-19 илк марта 2019 йил охирида Хитойнинг Хубэй провинцияси марказида жойлашган Уҳан шаҳрида аниқланганди.
Аввалига, бу вирус озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга, экзотик жониворлар, хусусан, Хитойда гўшти тансиқ таом ҳисобланган панголинлар сотиладиган бозорда пайдо бўлгани айтилганди. Бу жониворлар халқ табобатида ҳам қўлланади.
Аввалбошдан вирус ушбу бозор ҳудудида мутацияга учраб, ҳайвондан инсонга ўтгани тахмин қилинган.
Аммо унинг генезиси бўйича шу вақтга қадар илмий доираларда қизғин баҳслар тўхтагани йўқ. Қатор мутахассислар у Уҳандаги бозорда пайдо бўлмагани, бозор шунчаки у кенг тарқалиши учун восита бўлганини таъкидлашади.
Шунингдек, одамларга юқиши мумкин бўлган коронавируслар ўн йиллар мобайнида кўршапалакларда учраб келган.
Аммо бу вирус инсонга юқиши учун оралиқ ташувчи бўлиши керак. Шу вақтга қадар қандай жонивор воситачи бўлгани аниқланмаган.
Шу билан бирга, Reuters маълумотига кўра, Хитой расмийлари вирус дастлаб қаерда пайдо бўлгани ҳақидаги умумий тасаввурни ўзгартиришга уринишмоқда.
Хитойнинг юқори мартабали мулозимлари тадқиқотчиларнинг эътиборини касаллик бир вақтнинг ўзида бир неча ҳудудларда кенг тарқалганига қаратишмоқда.
Комментарии (0)