БМТ Саудия Арабистонидаги нефть объектларига Эрон ҳужум қилганини тасдиқлай олмади
БМТ сентябрда Саудия Арабистонидаги нефть объектларига ҳужум вақтида қўлланган ракета ва дронлар Эронга тегишли бўлганини айни вақтда тасдиқлай олмайди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антонио Гутерриш маълум қилди. “Айни вақтда бу ҳужумда қўлланган ракета ва дронлар Эронга тегишли эканини мустақил асосда тасдиқлашнинг имкони йўқ”, деб ёзган Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилган ҳисоботда.
Ҳужжатда БМТ мутахассислари ҳужумда қўлланган қурол қолдиқларини ўрганиб чиқишгандан сўнг шундай фикрга келганлари айтилган.
Шу билан бирга ҳисоботда ҳужум жойида топилган қуролнинг таҳлил қилиниши давом эттирилиши таъкидлаб ўтилган.
14 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистони давлат нефть компанияси Saudi Aramco’нинг 2 та корхонасига ҳужум амалга оширилган. Ҳужум учун жавобгарликни яманлик ҳусийчилар ўз зиммаларига олишган.
Бироқ АҚШ, Европа давлатлари ва Саудия Арабистони ҳужумда Эронни айблаган. Эрон эса бу ҳужумларга алоқадор эмаслигини таъкидлаб келади.
Комментарии (0)