Қозоғистонда Биринчи президент куни нишонланмоқда
Қозоғистонда 1 декабрда республиканинг Биринчи президенти куни нишонланмоқда. Қозоғистонда ушбу давлат байрами 2012 йилдан бери нишонланиб келинади. У Қозоғистоннинг Биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг республика олдидаги хизматларини эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилда ушбу байрам куни 1 декабрь, дам олиш кунига тўғри келгани сабабли у 2 декабрга кўчириладиган бўлди.
Назарбоев Қозоғистонга деярли 30 йил раҳбарлик қилган ва 2019 йил 20 мартда ўз ваколатларини муддатдан аввал топширган. Шундан кейин Қозоғистоннинг янги президенти сенат спикери Қосим-Жўмарт Тўқаев бўлган. Назарбоев эса хавфсизлик кенгаши раҳбари ва Nur Otan партияси етакчиси лавозимларини ўзида сақлаб қолган.
Элбаси 2015 йил апрелдаги сайловларда 98 фоиз овоз тўплаб, 5-марта ғалаба қозонганди. Унинг жорий ваколатлари муддати 2020 йил апрелда тугаши керак эди. Қозоғистон конституциясига кўра, Назарбоев президент лавозимига биринчи президент сифатида чекланмаган марта сайланиши мумкин.
Комментарии (0)